Ерни кучли магнит бўрони қоплади
Жамият
−
25 Март
6612Жорий йилнинг 23 март куни Қуёшда содир бўлган кучли чақнашдан сўнг, отилиб чиққан плазма Ерга етиб келди ва айни пайтда кучли магнит бўронлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институтининг қуёш астрономияси лабораторияси маълум қилди.
Аниқлик киритилишича, Ер атрофида қуёш шамолининг тезлиги деярли икки баробарга ошган ва сониясига 800 километрни ташкил этади. Ерни ўраб турган плазма булутининг ҳарорати тахминан бир миллион даражани ташкил қилади. Қуёш моддаси келишидан олдин Ерни ўраб турган газнинг ҳарорати тахминан 100 минг кельвинга эга эди, дейилади хабарда.
Ўзгидрометнинг билдиришича, минтақа аҳолиси сўнгги 9 соатликда 5 баллик магнит бўрони таъсирини ҳис қиляпти.
Аввалроқ, россиялик астроном Сергей Язев Қуёш чақнашлари Ерга қандай таъсир қилишини айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда чақнашлар давом этмоқда.
Маълумот учун, магнит бўронлари Қуёш-Ер физикасининг энг муҳим элементларидан бири бўлиб, унга нисбатан "космик об-ҳаво" атамаси қўлланилади. Магнит бўронлар - Қуёшдаги тебранишлар оқибатида бир неча соатдан бир неча кунгача давом этадиган Ер магнит майдонидаги бузилишлардир. Улар сунъий йўлдош ва бошқа технологияларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Бундай пайтда камида 7-8 соат ухлаш маслаҳат берилади. Овқат рационидан ёғли ва аччиқ овқатларни олиб ташлаб, кунига камида 2 литр сув ичиш тавсия қилинади. Қаҳва миқдорини камайтириб, ўсимликлардан тайёрланган чой истеъмол қилиш керак.
Шунингдек, контрастли душ, эрталабки машқлар, тоза ҳавода юриш, югуриш магнит бўрони кузатилганида саломатлик учун фойдали бўлади.
LiveБарчаси