Еревандаги намойишларда юзга яқин одам ҳибсга олинди

Олам

image

Кеча, 22 сентябрь куни Ереванда бўлиб ўтган ҳукуматга қарши намойишларда 98 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда арман полициясига таяниб, “Интерфакс” хабар берди. 

Айтилишича, қўлга олинганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабларига бўйсунмасликда айбланмоқда.

Мухолифат томони вакили бўлган Арманистон Миллий қўмитаси эса полициянинг маълумотларини рад этиб, шаҳар кўчаларида 350 га яқин одам ҳибсга олинганини даъво қилмоқда.

Маълумот учун, Ереванда ҳукуматга қарши намойишлар тўртинчи кундан бери давом этмоқда. Уларга қатор олий ўқув юртлари талабалари ҳам қўшилган.

Хавфсизлик кучлари ҳукумат биноси яқинида Бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилаётганларни ҳибсга олмоқда. Айрим намойишчилар қўлларида Арманистон ва (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғнинг байроқларини ушлаб олган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон полициясининг “Қизил беретлилар” махсус кучлари Ереванда оммавий акциялар давомида мамлакатнинг иккинчи президенти Роберт Кочаряннинг ўғли Левонни ҳибсга олганди. У қўлга олингач, калтаклангани ва шифохонага ётқизилгани айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Еревандаги намойишлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг