Ердан ўлдирилган қардошларингизнинг қони қичқирмоқда, эшитяпсизми? – Эмина Эрдўған
Олам
−
16 Ноябрь 2023
5720Ердан ўлдирилган одамларнинг қони овози чиқяпти, эшитяпсизми? Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған кеча, 15 ноябрь куни Истанбулда ўтган “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
“Қилмишларингиз билан дунёда яхшиликка, гўзалликка ва тўғриликка доир нима мавжуд бўлса, ҳаммасига зарар беряпсиз. Ердан ўлдирилган қардошларингизнинг қони қичқирмоқда, эшитяпсизми?” дейди Эмина Эрдўған.
Эмина Эрдўған бу гапларни Исроилга қарата айтдими ёки мусулмон дунёсига, маълум эмас. У бунга аниқлик киритмади.
Туркия биринчи хонимининг қатъийлик билан урғулашича, ҳеч қандай илоҳий аҳд, қонуний сиёсий мафкура зулмни ўз ичига олмайди. Ер юзида қатлиомлар, босқинлар, ўғриликлар, эътиқодларнинг амал қилишига тўсқинлик қилувчиларни қандай охират кутаётганини тарих сон-саноқсиз мисоллар билан кўрсатиб турибди.
“Тарихнинг виждони ҳеч қачон золим тарафида бўлмаган. Бугун бу зулмга қўл урганлар билсинларки, уларнинг номлари ҳасад ва шуҳратпарастлиги туфайли укасини ўлдирган Қобил, болаларни ўлдирган Намруд ва юзлаб янги туғилган чақалоқларни ўлдирган Фиръавн билан бир қаторда эсда қолади. Яқин ўтмишда яҳудийларни йўқ қилмоқчи бўлган шафқатсизлик билан бир қаторда ёдга олинасиз”, дейди Эмина Эрдўған.
У, 13 ёшли яҳудий қиз Анна Франк Иккинчи жаҳон уруши даврида бошидан кечирган зулмларини кундаликларида тасвирлаган сўзларни бугун Ғазода уйи вайрон қилинган ва жанубга қочишга мажбур бўлган Бисан Овданинг видеоларида эшитганини айтди.
“Қизиқ, исроиллик вазир Ғазога атом бомбасини ташлашни вариантлардан бири деб ҳисоблаётганда сукут сақлаб ўтирганлар, Хиросиманинг қизи Садако билан Фаластин болалари ўртасида қандай фарқни кўряптилар? Кечагина "Болаларни кичик ўқлар билан ўлдиришади, тўғрими она?" деб онасидан сўраган босниялик болани қутқара олмасликнинг аламини кўтарган глобал виждон, бугун ғазолик болалар устига ёғаётган ракеталарни тўхтатиш учун яна нимани кутмоқда?” дейди Туркия раҳбарининг рафиқаси.
Унинг қайд этишича, ернинг усти жаҳаннамга, ости эса болалар қабристонига айланганда, бу ерда ваъда қилинган келажакнинг амалга ошиши мумкин эмас.
“Бундай вайронагарчилик асосида қурилган тартибда ким ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкин?” дейди биринчи хоним.
Эмина Эрдўған Исроил ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосига қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди:
“Бу ердан мен Исроил давлати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (Хавфсизлик кенгаши – таҳр.) беш доимий аъзоси, дунёда тинчлик ва тартибни ўрнатиш учун масъул бўлган беш давлатдан сўрамоқчиман: бу ваҳшийликни тўхтатиш учун қандай муҳим ўлим остонасини кутяпсиз?
Виждони кар бўлиб жим турган халқаро ҳамжамиятдан сўрамоқчиман: бу 40 кунлик шармандалик давридан кейин сиз қай юз билан дунёдаги тинчлик ва адолатни, инсониятнинг умуминсоний қадриятларини ҳимоя қиласиз?
“Charlie Hebdo”да ҳалок бўлганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун саф тортган ва ўша фото рамкада катта завқ билан кўриниш берган дунё етакчиларининг Ғазонинг бегуноҳ халқига нисбатан сукутидан қандай маъно олишимиз керак?
Инсон ҳуқуқлари декларациясида ва кўплаб халқаро шартномаларда ҳуқуқлари ҳимояланган инсон таърифига фақат Ғарб томонидан белгиланган чегаралар доирасидагилар кирадими?”
Эмина Эрдўған саммитга йиғилган биринчи хонимларнинг Исроилнинг Ғазодаги қилмишларига нисбатан муносабатини ифода этаркан, шундай деди:
“Биз бир ҳаётни бошқасидан ажратиб турадиган, ўзига тегишли бўлмаган ҳаммани ва ҳамма нарсани қадрсизлантирадиган бу зулматга ҳеч қачон таслим бўлмаймиз. Биз одамларни раҳм-шафқат билан қамраб оладиган ҳамда тили, дини, ирқи ва рангидан қатъи назар, уларни табиатан қадрли деб биладиган глобал тушунчани ҳимоя қиламиз. Биз бегуноҳ инсонларни, қочқинларни, аёллар ва болаларни, бир сўз билан айтганда, одамларни қаердан келганига қараб баҳолайдиган камситувчи менталитетга абадий қарши турамиз”.
Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир, Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди.
LiveБарчаси