Ўтмиш ва келажак туташган нуқта – Ханчжоудан фоторепортаж
Спорт
−
03 Октябрь 2023
4748Айни кунларда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX Осиё ўйинлари ўтказилмоқда. Шу сабабли ҳозирда дунё спорти ихлосмандларининг эътибори айнан мазкур шаҳарга қаратилган.
Ханчжоу Хитойнинг қадимий еттита пойтахтидан бири бўлиб, 2500 йиллик тарихга эга. Шаҳар шимоли-ғарбий Чжежианг провинцияси, Янгцзи дарёси делтасининг жанубий-марказий қисмида жойлашган.
Шаҳар ҳудуди 10 та туман, 1 та туман даражасидаги уезд ва яна 2 та уездга бўлинган. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 2010 йилги статистикасига кўра, ҳудудда жами 13,4 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ханчжоу шаҳри меъморчилиги ва боғлари билан танилган бўлиб, у Хитойнинг энг чиройли водийлари орасида жойлашган. Шаҳар ўзининг хушманзара жойлари ва диққатга сазовор манзиллари билан машҳурлиги сабабли Хитойнинг асосий сайёҳлик марказларидан бири ҳисобланади. Чунки шаҳарга нафақат қадимий қадамжолар, балки замонавий, осмонўпар бинолар ҳам ўзгача кўрк бағишлаб туради.
Шаҳар инфратузилмаси жуда мукаммал тузилган бўлиб, йўлларда тирбандликлар деярли ҳосил бўлмайди. Аҳоли орасида жуда кенг оммалашган транспорт воситаси эса велосипед ва мопедлардир. Ханчжоуда шунингдек, жамоат транспорти жуда яхши йўлга қўйилган.
Ушбу манзил саёҳат қилиш учун дунёнинг энг хавфсиз ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Ханчжоу жиноятчилик даражаси пастлиги ва меҳмондўст маҳаллий аҳолиси билан ҳам бошқа шаҳарлардан ажралиб туради. Айниқса, Ханчжоу ўзининг чойи ва ипаклари билан таниқли.
Шаҳар дарёлар, кўллар ва тепаликларни бирлаштирган ҳудуд ҳисобланади. Аҳоли бой тарихи ва хушманзаралигидан келиб чиқиб Ханчжоуни “Ердаги жаннат” деб атайди.
Таъкидлаш жоиз, Осиё ўйинлари мезбонлиги сўлим гўшани бутун дунёга янада машҳур қилди. 1992 йилда Пекинда ва 2010 йилда Гуанчжоуда ўтказилган Осиё ўйинларидан кейин жорий йилда Ханчжоу Хитойнинг учинчи мезбон шаҳри бўлди. 2016 йилда ҳам Ханчжоуда G20 нинг 11-саммити бўлиб ўтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь