Ёпиқ эшиклар ортида Афғонистон ҳақида нималар дейилди?

Жамият

Хабарингиз бор, бугун, 7 март куни Тошкентда Афғонистон билан қўшни бўлган мамлакатлар махсус вакилларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон, Россия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур мажлисни Ўзбекистон Президентининг Афғонистондаги махсус вакили Исматилла Иргашев очиб берди ва шундан сўнг учрашувнинг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида, оммавий ахборот воситаларининг кузатувисиз давом эттирилди.

Муҳокамалар мазмуни билан эса учрашувдан сўнг ОАВ учун ташкил этилган брифингда Исматилла Иргашев гапириб берди.

Унинг айтишича, бугунги йиғилиш Афғонистон билан қўшни бўлган мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирларининг ўтган йили апрель ойида Хитойнинг Тунси шаҳрида бўлиб ўтган учинчи учрашувидан сўнг Ташқи ишлар вазирлари таклифи билан амалга оширилган.

Унда Афғонистон бўйича қўшни мамлакатлар махсус вакилларининг колсултацияларини, ўзаро фикр алмашинувини йўлга қўйиш ҳақида қарор қабул қилган.

“Албатта, сизни қизиқтирган савол бу учрашувда қандай масалалар кўтарилгани, нима фикрлар алмашилганидир. Авваламбор, биз Афғонистондаги вазиятни ўрганиб чиқдик. Афғонистондаги гуманитар, иқтисодий-ижтимоий вазият ва албатта инсон ҳуқуқлари, миллий озчиликни ташкил қилувчи миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, шунингдек, албатта аёллар ва қизлар ҳуқуқлари – ўқиш, таълим олиш ва ишлаш ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида фикр алмашилди.

Барча Афғонистон билан қўшни мамлакатларнинг вакиллари аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, уларнинг озодлигини таъминлаш бу энг асосий масалалардан бири эканлигини ва шу билан биргаликда Афғонистоннинг бугунги дефакто ҳукуматини тақиқларни олиб ташлаш ва тезлик билан аёлларга озод ишлаш имконини қайтариб бериши кераклигини айтиб ўтдилар”, деди Иргашев.

Унинг таъкидлашича, мажлисда иштирок этган 7 давлат вакиллари Афғонистоннинг бугунги ҳукуматидан  халқаро ҳамжамиятнинг талабларини ва шу билан бирга халқаро жамиятга афғон ҳукумати томонидан берилган ваъдаларни бажарилишини талаб қилган.

Бироқ унгача умумий миқдори тахминан 9,5 миллиард долларни ташкил этувчи Афғонистоннинг хориждаги музлатилган маблағлари тезроқ қайтарилиши керак. Акс ҳолда қўшни Афғонистонда очликдан ўлаётганлар сони кескин ошиши мумкин.

“Оддий афғон халқини ушбу қийин гуманитар шароитда қўллаб-қувватлаш Афғон халқига ёрдам бериш ва гуманитар ёрдамни етказишга биз алоҳида урғу бердик. Мана шу мажлис давомида Афғонистон Марказий банкининг хориждаги маблағларини озод қилиш ва афғон халқига қайтариш ҳозирги оғир иқтисодий-ижтимоий гуманитар шароитда катта дастак бўлар эди, деган фикрни билдирдилар. Афғон Марказий банкининг, яъни афғон халқининг пулини қайтариш орқали мактабда ишлайдиган ўқитувчиларнинг, давлат ишчиларининг ойликларини тўлашга ишлатилиши ва қийин аҳволда қолган аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши кераклиги ҳақида гаплашилди”, дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти вакили.

Бундан ташқари, мажлис давомида ҳозирги кунда Афғонистонда 25 миллионга яқин аҳоли оч қолаётгани ва улардан 6 миллион нафари озиқ-овқатдан батамом маҳрум бўлгани алоҳида эслатиб ўтилган.

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини тузиш, яъни БМТ шафелигидаги алоҳида музокаралар гуруҳини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Учрашув қатнашчилари бу ташаббусни ижобий қабул қилдилар. Улар Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббусларини апрель ойининг охирида бўладиган БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш Афғонистон масаласида муҳим роль ўйнайдиган асосий мамлакатларнинг махсус вакилларини Нью-Йоркка таклиф қилиб, Афғонистон масаласини ҳал этишда вазиятни кескин ижобий томонга ўзгартириш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида фикр алмашишга таклиф этмоқда. БМТ Бош котиби билан бўладиган учрашув чоғида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини ҳар томонлама бафуржа кўриб чиқишини таклиф этишди”, деган у.

Қолаверса, учрашув қатнашчилари Ўзбекистоннинг оддий афғон халқига кўрсатадиган дастаги ва гуманитар ёрдамларини қўллаб-қувватлашган. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Термиз шаҳрида тузилган кўп тармоқли транспорт-логистика марказининг фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

“Бугунги кунда мана шу халқаро хаб нафақат Афғонистонга, балки минтақанинг, ҳатто жаҳоннинг барча мамлакатларига гуманитар ёрдам етказишга ихтисослашган алоҳида бир халқаро хабга айланиб қолди. Бу Хабдан ҳозирги кунда БМТнинг ҳар хил институтлари фойдаланиб келмоқда. Яъни бу Жаҳон озиқ-овқат дастури ташкилоти, Юнисеф, БМТнинг Қочоқлар иши бўйича олий комиссариятининг ваколатхоналари, регионал ваколатхоналари мана шу Хабдан фойдаланиб келяпти ва шунинг учун бу Хабни БМТнинг шафеълигида фаолият кўрсатаётган халқаро транспорт-логистик Таҳминан бир ҳафта олдин Термиз шаҳрида Афғонистонда ишлаётган жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги бош вакили ҳамда Юнисефнинг Афғонистондаги бош вакили ва бу ташкилотларнинг Ўзбекистондаги офислари вакиллари билан Термиз шаҳрида бу Хаб тўғрисида, Афғонитонга гуманитар ёрдамни кўпайтириш тўғрисида фикрлар алмашилди. Термиздаги учрашув давомида Термиз карго-сентр Хабининг ҳудудида янги катта ҳажмли ангарнинг қурилиш ишини биз бошлаб бердик”, дея ўз фикрида давом этди Иргашев. 

Маълум бўлишича, бу ангар халқаро транспорт-логистик Хабнинг ҳудудида Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ташкилотининг пулига ва уларнинг ташаббусига биноан қуриляпти ва бу катта ангар ҳам Афғонистонга, ҳам минтақанинг кўпгина мамлакатларига гуманитар ёрдамни етказиш йўналишида фойдаланилади. 

“Афғонистон билан қўшни мамлакатлар махсус вакилларининг бугунги учрашуви шуни кўрсатдики, бу мамалакатларнинг Ўзбекистонн, Тожикистон,Туркманистон, Эрон, Покистон, Хитой ва Россия давлатларининг Афғонистон бўйича ёндашуви, Афғонистондаги вазият бўйича уларнинг берган баҳолари ва Афғонистонда вазиятни нормаллаштириш ва унга иложи борича тезлик билан осойишталикни келтириш ёналишлари ва унинг тамойиллари тўғрисида ҳамфикр эканликларини яна бир бор намоён этдилар. Мен ўйлайманки, бу мамлакатларнинг ташаббуси билан Афғонистонда ижобий ўзгартиришларни амалга ошириш бўйича биз ўз ишларимизни давом эттирамиз”, деди Иргашев. 

Иргашевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Покистон, Хитой ва Россия қўшни Афғонистон ўз ваъдаларини бажаради, бошқа мамлакатларнинг ҳудудига таҳдид қилмайди, деган умидда!

“Биз умид билдирдикки, мана шу саъй-ҳаракатларни, яхши қўшничилик муносабатларини бугунги Афғонистон – Толибон раҳбарияти ҳам ижобий баҳолаб, бунга жавобан ижобий илдам қадамлар қабул қилади. Ўз навбатида улар ички ва ташқи сиёсатларида яхши бир ижобий кўрсаткичларини кўрсатишади, деган умидни билдирдик. Қўшни мамлакатлар мана шу дефакто ҳукумати яъни муваққат ҳукумат ўзининг ваъдаларини бажаради, Афғонистон ҳудудидан ҳеч бир қўшни мамлакатга ҳамда бошқа учинчи мамлакатларнинг ҳудудига таҳдид қилмайди, террористик ташкилотларга ўз ҳудудида шароит яратиб бермайди, муваққат ҳукумат ўининг ваъдаларини бажарган ҳолда Афғонистонда тинчлик-тотувликни таъминлайди”, деди у. 

Қолаверса, у Афғонистонда наркотик моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш, унга қарши курашларни янада фаолроқ олиб бориш ва шу билан бирга Афғонистон ҳудудида халқаро террористик ташкилотларнинг бўлмаслиги ва уларнинг фаолиятини олиб боришга шароитни қилиб бермаслиги бўйича ўз ваъдаларини бажариб, Афғонистон келажакда терроризм ва таҳдидлардан ҳоли мамлакатга айланади, деган умидда эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур учрашувда гарчи Афғонистонга қўшни бўлмасада Россия ҳам иштирок этаётгани, унинг бу учрашувда қатнашишдан мақсади қандайлиги ҳақида халқаро шархловчи Абдували Сойибназаров гапирган эди.

У Афғонистондан АҚШ қўшинлари олиб чиқилганидан кейин Россия “Толибон”га бевосита таъсир кўрсата оладиган давлатлардан бирига айлангани, бундан ташқари Россиянинг Марказий Осиёда ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий таъсири ниҳоятда кучли эканини айтган эди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг