Елкасида кафанини ташиётганлар
Таҳлил
−
02 Ноябрь 2021
16357Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам замонга мослашяпти. Бировга ёқадими, йўқми, менга улар ёқади.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти
Журналистлар доим огоҳ. Улар атрофида содир бўлаётган адолатсизлик, қонунни четлаб ўтиш, коррупция, давлат ва халқ мулкини талон-торож қилиш, ўзлаштиришга жим қараб туролмайди. Улар ўз давлатига нисбатан ташқаридан бўлаётган хуружларга ҳам бефарқ эмас. Албатта, кўпчилик журналистларни ёқтирмайди, улар билан юзма-юз келишга чўчийди. Шундай бўлса-да кўпчиликда топилмайдиган ватанпарварлик, миллати учун куюниш айнан журналистларда бисёр. Улар қорага қараб оқ, оққа қараб қора деёлмайди. Қисқасини айтганда, журналистлик – виждон масаласи. Юқоридаги таърифлар эса ҳақиқий журналистларга хос.
Биз айтган журналист энг аввал юрагида, сўнг сўзида жасоратни топиши учун хавфсизлигига ўзи ишона олиши керак. Цензура, босим, тазйиқ, таҳдид, зўравонлик очиқ ёки ёпиқ шаклда давом этаётган жамиятларда журналистлар ҳадик ва қўрқув билан муаммолар орасига шу қадар шўнғиб кетадики, бора-бора бу муаммолар улар учун оддий воқеликка айланади. Бу жамият эса таназзулга юз тутади.
Журналистлар доим ҳам илиқ қабул қилинмаслиги ҳақида сўз очдик. Шунинг учун айрим жамиятларда тилини тийиб юрмаган журналистлар ё шарманда қилинади, ё уларга босим ўтказилади, ё ўлдирилади.
Бугун, 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликга барҳам бериш куни.
UNESCOʻнинг ўлдирилган журналистлар обсерваторияси ҳисоботига кўра, 2006 йилдан 2020 йилгача дунё бўйлаб 1200 дан ортиқ журналист ўлдирилган. Ачинарлиси, бу қотилликларнинг деярли 10 тасидан 9 таси судда очилмаган. Албатта, журналистларга нисбатан зўравонликнинг бундай цикли қонун устуворлиги ва суд тизими заифлашганидан далолат беради.
Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликга барҳам бериш, барча фуқароларнинг сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланишини таъминлаш ривожланган XXI асрда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шу сабабдан 2013 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 68-сессиясида 2-ноябрни Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни, деб эълон қилди. Бу сана 2013 йил 2 ноябрда Малида ўлдирилган икки француз журналистининг хотирасига ҳурмат кўрсатиш ва журналистларга нисбатан таҳдидларга қарши курашиш мақсадида танланган. Резолюция аъзо давлатларни жазосизликка қарши кураш бўйича аниқ чоралар кўришга чақиради. Бу муҳим қарорда журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига қилинган ҳар қандай ҳужум ва зўравонлик ҳаракатлари қораланади.
Маълумотларга қараганда, сўнгги ўн йил ичида дунё бўйича тахминан ҳар тўрт кунда бир журналист қотиллик қурбони бўлган.
“Қотилликлар оммавий ахборот воситалари цензурасининг энг экстремал шакли бўлса-да, журналистлар ўғирлаш, қийноқлар ва бошқа жисмоний ҳужумлардан тортиб, таъқибга қадар, айниқса, рақамли соҳада ҳам сон-саноқсиз таҳдидларга дучор бўлишади. Журналистларга нисбатан зўравонлик ва ҳужумлар таҳдиди, хусусан оммавий ахборот воситалари ходимларида қўрқув муҳитини яратиб, барча фуқаролар учун эркин ахборот, фикр ва ғоялар оқимига тўсқинлик қилмоқда”, дейилади UNESCO ҳисоботида.
Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари ходимлари – журналистларга нисбатан тазйиқ ва таҳдид муҳим муаммо сифатида кун тартибига чиқаётган бир пайтда, айнан журналист аёлларга, уларнинг жинси ва шахсига нисбатан таҳдид қилиш алоҳида муаммо сифатида бўй кўрсатмоқда. Бу эса соҳада аёл журналистлар кескин камайиши, гендер тенглиги мувозанати бузилиши эҳтимоли ортиб боришига сабаб бўлади.
Дунё бўйича журналист аёлларга нисбатан онлайн зўравонликнинг глобал тенденциялари бўйича сўровномада қатнашган журналист аёлларнинг 73 фоизи ўз фаолияти билан боғлиқ ҳолда интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва таъқибга учраганини айтган.
Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигига нисбатан талаб ва уни таъминлашга бўлган ҳаракатларга хос равишда журналистика касби билан боғлиқ хавф даражаси кескин кўтарилиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова “Tashkent city” ҳудудидаги ресторанлар Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорини писанд қилмай, 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортаж тайёрлади ва бу бебошлик жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.
Репортаж оммага тақдим этилганидан бир кун ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларга Феруза Нажмиддинованинг номини булғовчи, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган номақбул видео сиздирилди. Видеода кўп қаватли уйнинг балконида ишқий муносабатда бўлаётган аёл ва эркак акс этган бўлиб, видео қаҳрамонларини таниб олиш жуда қийин. Шунга қарамай, ушбу видеонинг бошига журналист Феруза Нажмиддинованинг иш фаолияти давомида тушган суратлари жойлаштирилиб, монтаж қилинган ва гўё номақбул видео қаҳрамони журналист Феруза Нажмиддинова экани ёзилган. Ҳақиқат қарор топди ва бу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова эмаслиги тасдиқланди.
Гарчи, 3 ой олдин QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаьнини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, ҳали ҳануз айбдорлар топилгани йўқ, мутасаддилар эса ҳамон жим.
Бу каби туҳмат тоши KUN.UZ журналисти Раҳматилла Исроиловга ҳам отилган эди. “Журналист мендан 1 гектар ер беришни сўради”, деб туҳмат қилиб, қилмиши учун жазосиз қолган мансабдор ёдимизда. Иш судга топширилган эди. Аммо, Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов KUN.UZ мухбирига туҳмат қилмаган, деб топилган. Лекин журналистнинг ер сўрагани ҳам исботсиз қолган. Покуратура Ваҳобовнинг тушунтиришидан бошқа бирорта далил бўлмаса-да, журналист мансабдордан 1 гектар ер майдонини сўраган, деб топган.
Ачинарлиси, қарорда ушбу ҳолат айнан нима билан тасдиқлангани, Раҳматилла Исроилов Абдурасул Ваҳобовдан айнан қачон ва нима мақсадда ер сўрагани, бунинг эвазига қанча миқдорда пул (пора) таклиф қилгани тафсилотлари баён этилмаганди.
Қолаверса, KUN.UZʼнинг яна бир журналисти Илёс Сафаров давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишни талаб қилиб боши балога қолганини айтади. Гап шундаки, журналист Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенконинг рус тилида тақдимот қилганига эътироз билдириб, ундан “Давлат тили тўғрисида”ги қонун бўйича ўзбек тилида чиқиш қилишини сўрайди. Сабаби қонунда ҳам давлат тадбирлари ва конференциялар давлат тилида ўтказилиши белгиланган.
“Айнан шу кундан кейин, бир ҳафта кўрмаган куним қолмади. Шунчалик босимлар бўлдики, ҳатто, оиламга ҳам таҳдидлар бўлди. Нима десам экан, “Синглинг, отанг, онанг, уканг бор. Уларнинг қаерда ишлаши, қаерда ўқишини биламиз. Уларнинг тинч бўлишини хоҳласанг, ўзинг ҳам бу мавзуда тинч юр, деган таҳдидлар бўлди”, дейди Сафаров.
Журналистларга таҳдид билан боғлиқ яна бир ҳолат AZON.UZ таҳририяти собиқ бош муҳаррири Абдулазиз Муборак билан юз берганди. У ҳам ўзига нисбатан Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари босим қилганини ёзганди.
Бу туҳмат ва бўҳтонлар фақатгина номлари тилга олинган журналистларга эмас, балки бутун халққа, инсон шаънига ва сўз эркинлигига қилинган хиёнатдир.
Биз эркин ва демократик жамият қуриш йўлидан боришни истар эканмиз, ўзимизга ўзимиз маҳлиё бўлиб, қарсаклар билан олқишлаётган демократиямизни эркин ва адолатли оммавий ахборот воситалариcиз қуриб бўлмаслигини ҳам тан олишимиз керак. Ойнага қарамаганингиз сари юзингиздаги доғларни фарқламайсиз. Ҳатто, дунёда энг гўзал, энг келишган, энг ақлли одам ўзим деган хаёллар билан яшайсиз. Ҳақиқат эса ойнада эмас, энг аввало сизга қараб турганлар кўзида аниқ равшан ва аён. Шундай экан, сизнинг қандайлигингизни кўрсатган ойнадан ўпкалашдан не наф?! Журналистлар ҳам ойна мисоли. Улар жамиятдаги муаммоларни кўрсатмас экан, ўсиш ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди.
Афсуски, бугун журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, унга тазйиқ ўтказишга нисбатан қонунчиликда аниқ чоралар белгиланмагани учун журналист “тепиб” ўтиш мумкин бўлган шахслигича қолмоқда. Лекин журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар қачонгача узр ва "одоб дарслари" билан қутилади?
LiveБарчаси