Елизавета II 69 йиллик анъанасини бузди

Олам 11530
image

Бугун, 10 май куни Буюк Британиянинг 96 ёшли қироличаси Елизавета II тарихда учинчи марта парламент янги сессиясининг тантанали очилиш маросимида иштирок этмади. Бу ҳақда кеча, 9 май куни Букингем саройи матбуот хизмати огоҳлантириш билан чиққан эди.

“Қиролича вақти-вақти билан ҳаракатланишда қийинчиликларни бошдан кечиришда давом этмоқда ва шифокорлари билан маслаҳатлашганидан сўнг, у парламентнинг эртага [10 май] расмий очилиш маросимида қатнаша олмаслиги ҳақида истамай қарор қабул қилди”, дейилади хабарда.

1953 йилда тож кийганидан бери Елизавета II маросимни атиги икки марта ўтказиб юборган. 1959 ва 1963 йилларда у ҳомиладор бўлгани учун парламентга келмаган. Ўшанда нутқ қироличанинг рухсати билан Лордлар палатаси спикери лорд-канцлер томонидан ўқилган. 

Қироличанинг тахтдан нутқ сўзлаши расмиятчилик бўлса-да, Британия монархияси учун бу катта аҳамиятга эга. Унинг матни Вазирлар Маҳкамаси аъзолари томонидан ёзилади ва Бош вазир девони томонидан тасдиқланади. Қиролича ҳукумат томонидан илгари сурилган таклифларни маъқулламаган тақдирда ҳам, унга ҳеч қандай ўзгартириш киритишга ҳақли эмас. 

Шунингдек, қиролича идорасига кўра, Елизавета II Букингем саройидаги ёзги қабулларни ўтказиб юборади. 

Сўнгги пайтларда ўтган йилнинг октябрь ойида омма олдига биринчи марта ҳасса билан чиққан Елизавета II ҳаракатчанлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. У бир нечта расмий тадбирларни ўтказиб юборди, хусусан, у биринчи марта бу йил 14 апрелда католиклар ва протестантлар томонидан нишонланадиган Муқаддас пайшанба куни муносабати билан зиёфатда қатнашмади.

Маълумот учун, бу сафар парламентнинг янги сессияси очилишида Британия тахти вориси, Уэльс шаҳзодаси Чарльз нутқ сўзлаган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 391
Рейтинг: 3
t
×