ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги координатори алмашди
Жамият
−
26 Апрель 2021
2487Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Жон МакГрегор билан учрашув ўтказди.
Асадовнинг Telegram каналидаги маълумотга кўра, Ўзбекистондаги дипломатик миссияси тугаётгани муносабати билан Жон МакГрегорга Президент Шавкат Мирзиёевнинг миннатдорлик мактуби ўқиб эшиттирилган. Ўзбекистонда унинг ўрнини швейцариялик дипломат Пьер фон Аркс эгаллайди.
Элчи юксак эътибор учун Шавкат Мирзиёевга ташаккур изҳор этган.
“Суҳбатда Жон МакГрегорнинг Ўзбекистондаги фаолияти самарали бўлгани, ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилгани таъкидланди. Тажрибали дипломатнинг келгуси ишларига муваффақият тилаб, эзгу истаклар билдирилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Жон МакГрегор Ванкуверда туғилган, Канада ҳарбий-денгиз флотининг собиқ офицери. У 2016 йилнинг май ойида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори этиб тайинланган. У француз тилида сўзлашади, шунингдек, озарбайжон, қирғиз ва ўзбек тилларида гаплаша олади.
2019 йил 1 сентябрь – Мустақиллик кунини нишонлаш арафасида Ўзбекистон Президенти уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган. Жон Макгрегор яқинда ЕХҲТнинг Туркманистондаги миссиясининг раҳбари этиб тайинланди.
LiveБарчаси