Екатеринбургдаги вақтинча сақлаш марказида мигрантлар исён кўтарди
Олам
−
14 Январь 2021
7328Бугун, 14 январь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида исён юз берди. Воқеага ИИВ, ОМОН бўлинмаси ва Россия Миллий гвардияси вакиллари аралашиб, тинчлик ўрнатган. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.
ИИВнинг Свердлов вилояти бўйича бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелих тартибсизликлар Собиқ иттифоқ таркибида бўлган республикалардан бирининг фуқароси ташаббуси билан юзага келган. Эркак 32 ёшда экани маълум. У вақтинча сақлаш марказига суд қарори билан олиб келинган ва миграция қонунчилигини бузгани учун депортацияга тайёрланаётган бўлган.
Унинг норозилигига полиция ходимлари унга юборилган “посилка”даги “буханка” нон ичига яширилган пластик идишдаги алкоголли ичимликни аниқлаб, олиб қўйгани сабаб бўлган. Ярим кечаси фуқаро ва унинг уч нафар хонадоши шовқин кўтариб, марказдаги бошқаларни ҳам норозилик акциясига қўшилишга чақирган”, дейди Горелих.
Тартибсизлик вақтида иштирокчилар мебел, эшик, электржиҳоз ва кузатув камераларига зарар етказган. Улар шунингдек, картон қутини ҳам ёқиб юборишган ва кириш йўлини тўсиб, хоналаридан чиқишдан бош тортишган.
Тартибсизликларни бостириш вақтида ИИВ, гаврдия ва ОМОН бўлинмаси жангчилари махсус воситалардан ҳам фойдаланган. Натижада иштирокчилардан бирининг бармоғи шикастланган ва шифохонага ётқизилган.
Ҳодиса юзасидан суриштирув бошланган. Екатеринбургдаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази одатий тартибда ишини давом эттиряпти.
URA.RU маълумотига кўра, тартибсизликлар вақтинча сақлаш маркази раҳбариятининг мигрантлар билан ёмон муносабатда бўлгани сабабли юзага келган.
“Бизга маҳбуслардек муомала қилишяпти, ваҳоланки қонун бўйича биз эркин одамлармиз. Навбатчига биз билан бундай муомала қилмаслигини тушунтирдик”, деган марказда сақланаётганлардан бири нашрга.
Унинг сўзларига кўра, ОМОН уларни калтаклай бошлаганда ҳар бир хонадаги бир ё икки одам ўз жонига қасд қилишга уринган.
“Урал қочқинлар ассоциацияси” вазиятдан хабардор эканини, мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун мутахассис юборилганини маълум қилган.