ЕИнинг Россияга қарши 12-санкция пакетига Ўзбекистондаги компаниялар ҳам киритилмоқда

Олам

image

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель 2023 йилда ҳамжамиятга аъзо 27 давлат ташқи ишлар вазирларининг 11 декабрда бўлиб ўтадиган сўнгги йиғилишида Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакети тасдиқланишини кутмоқда. Бу ҳақда у Брюсселда украиналик мавқедоши Дмитрий Кулеба билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди. 

“12-санкция пакети ҳозирда якунланмоқда. ЕИ давлатларининг доимий вакиллари тафсилотларни муҳокама қилмоқда. Умид қиламанки, у тез орада тасдиқланади ва биз уни декабрь ойида [тасдиқлаш учун] ЕИ Кенгаши йиғилишига тақдим эта оламиз”, дейди Боррель.

Европа Комиссияси томонидан тайёрланган Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг 12-тўплами лойиҳаси ўтган ҳафта Европа Иттифоқи давлатларига тасдиқлаш учун тақдим этилган эди. Брюссель уни йил охиригача кучга киритишни кутмоқда. Кутилганидек, навбатдаги пакетга 2024 йил 1 январдан бошлаб Россия Федерациясидан олмос олиб кириш тақиқланади. Европа Иттифоқи, шунингдек, учинчи мамлакатларда қайта ишланган рус олмосларини олиб киришни тақиқлашни босқичма-босқич жорий этишни кутилмоқда. 

Аввалроқ “Bloomberg” агентлиги Европа Иттифоқи ҳужжатларига таяниб, ЕИ 12-пакетнинг бир қисми сифатида Россия Федерациясига станоклар ва бутловчи қисмлар экспортини ҳам тақиқламоқчи эканлигини хабар қилган эди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россияга кимёвий моддалар, литийли аккумуляторлар, термостатлар, сервомоторлар ва учувчисиз ҳаво воситасилари учун моторларни олиб киришни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Шунингдек, янги чекловлар пакети доирасида суюқ пропан, бир неча турдаги қуйма темир, мис ва алюмин симлар, фольга ва қувурларни олиб кириш тақиқланади. 

Европа Иттифоқи Россия нефтига нархлар чегарасини жорий этиш, Россия фуқароларига крипто-активлар билан шуғулланувчи Европа компанияларида ишлашни тақиқлаш ҳамда бизнес бошқаруви, ишлаб чиқариш ва саноат дизайнида қўлланиладиган дастурий таъминот учун лицензиялар беришни тўхтатиш чораларини жорий қилишни режалаштирмоқда. Европа Иттифоқи Россия фуқароларига тегишли ёки улар назоратида бўлган Европа компанияларидан активларини Европа Иттифоқидан ўтказиш учун рухсат олишни талаб қилмоқчи. Буларнинг барчасига қўшимча равишда, Европа Иттифоқи товарларни экспорт қилувчилардан шартномаларга айрим турдаги маҳсулотларни Россияга реэкспорт қилишни тақиқловчи бандларни киритиш устида ишлаяпти. 

“Агар таклифлар маъқулланса, у ҳолда 12-пакет доирасида 30 дан ортиқ компаниялар, жумладан Қозоғистон, Сингапур, Ўзбекистон ва Россиянинг бир қанча инжиниринг компаниялари чекловларга дучор бўлади”, деб ёзган “Bloomberg”.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг