ЕИнинг Гренландия бўйича фавқулодда саммити қачон ўтказилиши айтилди
Олам
−
19 Январь 1279 2 дақиқа
Еврокомиссия (ЕК) 22 январь куни Гренландия атрофида АҚШ билан можаро бўйича Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити ўтказилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Еврокомиссия вакили Олоф Жилл маълум қилди.
“22 январь куни трансатлантик муносабатлар бўйича Европа кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади”, дейди у.
Аввалроқ, Еврокенгаш раҳбари Антониу Кошта Гренландия муаммоси ва бунинг трансатлантик муносабатларга таъсирини муҳокама қилиш учун шошилинч саммит чақириш ниятида эканини маълум қилган, бироқ муддатларга аниқлик киритмаган.
17 январь куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ Буюк Британия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Франция ва Швециядан 10 фоиз миқдорида бож ундиришни бошлаши ва тарифлар Вашингтон томонидан Гренландияни тўлиқ ва якуний сотиб олиш бўйича келишувларга эришмагунча сақланиб қолишини маълум қилди. Ушбу қарор 1 февралдан кучга киради, 1 июндан эса божлар ставкаси 25 фоизгача оширилади.
Бундан ташқари, Америка раҳбари Европанинг Гренландияга ўз кучларини юбориш ниятини танқид қилиб, буни жуда хавфли ўйин деб атади. Шу билан бирга, Трампнинг таъкидлашича, оролга эгалик қилиш АҚШ миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва Американинг Golden Dome ("Олтин гумбаз") ракетага қарши мудофаа тизимини самарали жойлаштириш учун зарур.
Бу баёнотлар Европада ўта ҳиссий реакцияга сабаб бўлди, бироқ Европа Иттифоқининг 27 мамлакати ҳозирча ягона жавобни шакллантира олмади, қолаверса, аниқ қўшма жавоб чораларини таклиф қила олмади.
Live
Барчаси