ЕИ ваколатхоналаридаги дипломатларни қисқартирмоқчи

Олам

image

Европа ташқи алоқалар хизмати хориждаги бир қанча дипломатик ваколатхоналарни қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ички ҳужжатлари ва режалар билан таниш икки расмийга таяниб, “Politico” хабар берди.

Жорий йилнинг 14 май куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас томонидан Еврокомиссияга тақдим этилган икки йиллик режага кўра, (2026-2027 йилларга мўлжалланган) 144 та хорижий ваколатхонадан 10 тасида ходимларнинг катта қисми қисқартирилади. Бу ваколатхоналарда фақат элчи ва 1–2 ёрдамчи қолади. Умумий ҳисобда 100 га яқин маҳаллий ходим ишдан бўшатилиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, расмий делегациялар ёпилмайди, аммо қисқартирилган ходимлар масофавий ишлашга ўтказилади. Нашр суҳбатдошига кўра, бу деярли ваколатхоналарни ёпиш билан тенг.

Қисқартиришлар, хусусан, илгари Евроиттифоқ ривожланишга кўмаклашган мамлакатларга, масалан Беларусь ёки Лесотога тегишли ваколатхоналарни ҳам қамраб олади.

Шу билан бирга, баъзи хорижий ваколатхоналар кучайтирилади. Нашр манбаларига кўра, Евроиттифоқ айниқса Россияга қарши санкциялар ижросини таъминловчи ва мудофаа соҳасида ҳамкор бўлган давлатлардаги делегацияларни мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Қисқартиришлар орқали биринчи йилда тахминан 20 миллион евро, кейинги уч йилда эса ҳар йили 9 миллион евро тежаш режалаштирилмоқда. Нашрнинг қайд этишича, ҳозирги тақдим этилган режалар 2024 йилнинг ноябрида муҳокама қилинган 800 ходимгача бўлган оммавий қисқартиришларга нисбатан анча юмшоқроқ саналади.

Еврокомиссия матбуот хизмати бу борадаги сўровга жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Львов шаҳрида Европа вазирлари томонидан имзоланаган Украинага қарши жиноят бўйича махсус трибунал ташкил этиш тўғрисидаги декларацияда Украинага қарши тажовузга ёрдам берган кўплаб раҳбарлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу таъқибларнинг катта қисми Россия раҳбарларига қаратилган бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи ваколатхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг