ЕИ Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун 2 млн евро ажратди

Жамият

image

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда COVID-19 га самарали, тез ва мувофиқлаштирилган жавоб қайтариш чораларига бағишланган лойиҳага 2 миллион евро ажратди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилажак лойиҳа, энг аввало, тиббиёт муассасаларининг тиббий ва биринчи бўғин ходимларига шахсий ҳимоя воситаларини тақдим қилишга алоҳида урғу беради.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд деярли барча шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) COVID-19 га чалинган беморларни ва улар билан алоқа қилганларни аниқлаш, саралаш, текшириш, яккалаш ва даволаш учун ишлатилади. Бу ҳол COVID-19 гумон қилинган ёки тасдиқланган ҳолатлардан ташқари бошқа беморларга, масалан, туғруқхона, сил ва ОИТВ клиникалари, стоматология, поликлиника ва шу кабиларда хизмат кўрсатаётган тиббий ходимларнинг катта қисмини ҳимоясиз қолдирмоқда. Шундай экан, ЖССТ тавсия қилган ШҲВни нафақат COVID-19 га чалинган беморлар билан ишлаётган тиббий ходимлар учун, балки бошқа соғлиқни сақлаш хизмат ва муассасаларидаги тиббий ходимлар учун ҳам харид қилиш COVID-19 тарқалишини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

“Тиббий ходимлар ҳар кунимизнинг қаҳрамонларидир ва бизни ҳимоя қилаётганда улар хавфсиз ишлай олишига биз амин бўлишимиз шарт. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга пандемияга жавоб чоралари доирасида Европа ҳамжамития ажратган 36 миллион евро ёрдамининг асосий қисмини ўзида мужассам этади”, деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Юсси Нарви.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лианне Куппенснинг сўзларига кўра, сифатли шахсий ҳимоя воситалари мамлакатдаги барча тиббий ходимларга етказиш учун ератли даражада харид қилинган бўлиб, бу тиббий ходимлар орасида касаллик тарқалиши туфайли яна йўқотишлар рўй беришининг олдини олишга ва аҳоли орасида COVID-19 ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.

Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яқиндан ҳамкорлиги натижасида лойиҳа кейинги 2 йилга мамлакатдаги барча тиббий ходимлар учун етарли миқдорда ва юқори сифатли ШҲВ сотиб олиш орқали инфекциялар профилактикаси ва инфекцион назорат чораларини мустаҳкамлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг