ЕИ Қорабоғда вазият кескинлашганига муносабат билдирди
Олам
−
04 Август 2022
5032Европа Иттифоқи расмийлари Қорабоғдаги можаро тарафларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокараларни давом эттиришга чақирмоқда. Бу ҳақда Европа ташқи ҳаракатлар хизмати баёнотида айтилади.
"Европа Иттифоқи Озарбайжон ва Арманистон қўшинлари ўртасида Лочин йўлаги атрофида ҳамда тўқнашув чизиғи бўйлаб бошқа жойларда содир бўлган жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақиради. Афсуски, бу тўқнашувлар аллақачон қурбонлар ва жароҳатланганлар билан якунланган.
Вазиятни ҳал қилиш йўлларини топиш учун кескинликни пасайтириш, ўт очишни тўхтатиш режимига тўлиқ риоя қилиш ва улар асосида музокаралар столига қайтиш зарур”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Озарбайжон билан тўқнашув чизиғида вазиятнинг кескинлашиши оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, яна 14 нафари яраланган.
Тоғли Қорабоғ Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, айни вақтда вазият нисбатан сокинлашган, Тоғли Қорабоғ кучлари россиялик тинчликпарвар кучлар билан бирга вазиятни барқарорлаштириш устида иш олиб бормоқда. Расмий Ереван Қорабоғдаги воқеаларга ҳозирча изоҳ бермади.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилгани ва Қорабоғдаги қатор тепаликлар назоратга олинганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига бугун Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь