ЕИ давлатлари Украинага 35 млрд евро кредит беришга келишиб олди
Олам
−
10 Октябрь
1527Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари Украинага янги молиявий ёрдамнинг фундаментал асослари бўйича келишиб олди. Кеча, 9 октябрь куни Брюсселда эришилган келишув Киевга 35 миллиард еврогача миқдорда кредит беришни назарда тутади.
“Ушбу кредит Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан фойдаланган ҳолда тўланиши керак”, деди Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ваколатхонаси.
Ушбу маблағлар Украинага ўтган ёзда G7 мамлакатлари томонидан Италияда қабул қилинган ва музлатилган Россия пуллари ҳисобидан молиялаштирилган Украинага 50 миллиард долларгача (46 миллиард евро) кредитни ўз ичига олган Украинага ёрдам пакетининг бир қисми бўлади.
Европа Иттифоқи Кенгашининг ушбу қарори энди расмий процедура орқали тасдиқланиши керак, Европа парламентининг розилигини ҳам талаб қилади. Мақсад – кредитни кейинги йил ичида Украинага ўтказиш, кейинчалик уни тўлаш максимал 45 йил ичида амалга оширилиши.
Агар Россия кредитлар тўлиқ қайтарилгунга қадар музлатилган активларга кириш ҳуқуқини тикласа, қолган маблағларни тўлаш учун ЕИ ва унинг G7’даги ҳамкорлари жавобгар бўлади. Бу, масалан, Европа Иттифоқи давлатларидан бири Россия Федерациясига қарши санкцияларни узайтириш бўйича вето қўйган тақдирда содир бўлиши мумкин.
Венгрия ҳали ҳам Европа Иттифоқи санкциялари доирасида Россия маблағларидан тушган маблағлардан узоқ муддатли фойдаланиш бўйича қарор қабул қилинишига тўсқинлик қилмоқда. Санкциялар ҳар олти ойда бир овоздан қабул қилинган қарор билан янгиланиши керак. Европа Комиссияси Европа Иттифоқи мамлакатларига музлатилган пуллардан фоиз даромадларини олиб қўйиш муддатини уч йилга узайтиришни таклиф қилди, бироқ Виктор Орбан ҳукумати бу ташаббусни рад этди.
2022 йил февралидан бери Украинага бостириб киргани учун ЕИ томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар доирасида Россия Федерацияси Марказий банкининг тахминан 210 миллиард евро миқдоридаги активлари музлатиб қўйилди. Бу пулдан келадиган даромад ҳозирда йилига 2,5-3 миллиард евро атрофида.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси