“Еган оғиз уялар!” “Tashkent index”даги талабалар “йиғиштириб олиняпти”ми?

Жамият

image

2022-2023 ўқув йили бошида Тошкент шаҳрида талабалар турар жойлари етишмаслиги сабабли Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Tashkent index” савдо мажмуасининг бўш турган дўконларини вақтинчалик ётоқхоналарга айлантириб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига топширган эди. Яқинда, яъни 16 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг лавозимдан олиниши сабаб унга тегишли бўлган “Tashkent index”даги талабалар айрим олий таълим муассасалари томонидан мажбуран чиқариб юборилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бугун, 26 январь куни вазирлик – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, “Tashkent index”даги талабалар мажбуран чиқарилмаслигини билдирди.

Вазирликнинг таъкидлашича, талабаларнинг бошқа ётоқхоналарга кўчирилаётгани нотўғри талқин қилинмоқда.

 “Хабарингиз бор, жорий ўқув йили бошида “Tashkent index” савдо мажмуасида талабалар вақтинча туришлари учун шароит яратилган эди. Ўтган давр мобайнида аксарият олий таълим муассасалари томонидан талабалар турар жойларида қўшимча ётоқ ўринлари яратилиб, кўчиш истагини билдирган талабалар кўчириб ўтказилди. Шу кунларда эса совуқ ҳаво ҳароратида мажмуа етарли шароитга эга эмаслиги боис, кўчириш ишлари олий ўқув юртлари талабалар турар жойларида кўпроқ қўшимча бўш ўринлари яратилиши, аксариятида янги ётоқхоналар барпо этилиши ҳисобига янада 
жадаллашди”, дейилади вазирлик муносабатида. 

Таъкидланишича, “Tashkent index”да қолишни хоҳловчи талабаларни мажбуран чиқариб юборилишига йўл қўйилмайди.

“Биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университетида икки қаватли ётоқ ўрни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 139 ўринли, Тошкент давлат педагогика университети томонидан Оқтепа педагогика коллежи талабалар турар жойида янги 300 ўринли жой яратилган. Шу каби бошқа олий таълим муассасалари ҳам ҳозирда ички имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча ўринлар ҳозирлаган. Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институтида 400 ўринга мўлжалланган янги ётоқхона қуриб, фойдаланишга топширилди”, дея қўшимча қилган вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октабрь ойида собиқ ҳоким Ортиқхўжаев ҳокимликка тегишли  бинони ҳам талабалар учун ётоқхона қуришга бериб юборган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг