“Ёдда тутишимиз шарт”. Тўқаев биринчи президент ҳақида гапирди

Олам

image

Бугун, 12 март куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев барча даражадаги депутатлар иштирок этган республика форумида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, 1995 йилги Конституцияда асосий эътибор давлат ҳокимияти асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Унинг таъкидлашича, ўша давр шароитида бу тўғри қарор бўлган, чунки эндигина мустақилликка эришган давлат қонунчилик жиҳатидан мустаҳкам пойдеворга муҳтож эди.

“Ҳозир амал қилаётган Конституцияни ҳеч қачон танқид қилиш мумкин эмас. Бу асосий қонун давлатчиликни шакллантиришда ижобий роль ўйнади. Биз адолатли Қозоғистонни барпо этмоқдамиз, шунинг учун Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг алоҳида тарихий миссиясини ёдда тутишимиз шарт”, дейди Тўқаев.

Унинг билдиришича, бугунги жамият ҳаётида “инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили алоҳида аҳамият касб этмоқда ва у Янги Конституция матни орқали қизил чизиқ каби ўтиб боради.

Тўқаевнинг айтишича, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга бағишланган бўлим энг катта бўлим ҳисобланади – у 30 та моддадан иборат. Бу Асосий қонуннинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади. Қиёс учун, президентга бағишланган бўлим эса атиги 10 та моддадан иборат.

Президентнинг фикрича, фуқаролар ҳуқуқларига оид кўплаб нормалар мазмунан ўзига хос ва янги маъноларни ифода этади.

“Эндиликда Асосий қонун даражасида тарихий, маданий, оилавий ва маънавий қадриятларни асрашга тайёр эканлигимиз акс эттирилди. Бу халқимизнинг ажралмас ҳуқуқи ва бу ҳуқуқни ҳеч ким – сиёсатчилар, жамоат арбоблари, хорижий ёки маҳаллий нодавлат ташкилотлар – шубҳа остига қўя олмайди ва танқид ҳам қилмаслиги керак”, дейди у.

Президентнинг айтишича, фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги оилани қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлайди, чунки соғлом оилаларда миллатнинг янги сифатлари ва масъулиятли фуқаролик асослари шаклланади.
Тўқаевнинг таъкидлашича, давлатнинг энг муҳим вазифаси – фуқароларнинг туб манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсати юритишдир. Бу, унинг фикрича, мамлакат суверенитети ва миллатнинг фаровон келажаги билан боғлиқ масаладир.

Шунингдек, Президент Янги Конституция лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мутлақ даражада ҳимоя қилишни назарда тутишини айтган. Унда инсоннинг туғилишидан бошлаб, бошланғич ва ўрта таълим олиши, оила қуриши ҳамда вояга етган фарзандларнинг меҳнатга лаёқатсиз ота-оналари олдидаги масъулиятигача бўлган масалалар қамраб олинган.

Тўқаевнинг таъкидлашича, Асосий қонун лойиҳаси фуқароларга нисбатан инсонпарвар муносабатнинг ёрқин намунасидир. Айрим нормалар яқин-яқингача ижтимоий утопиядек кўринган.

“Агар амалдаги Конституцияда фуқаро давлатга етказиши мумкин бўлган зарар ҳақида гапирилган бўлса, Янги Конституцияда давлатнинг инсонга етказиши мумкин бўлган зарари ҳақида норма киритилди. Яъни, давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни давлат қоплаб бериши кўзда тутилмоқда”, дейди Президент.

Унинг фикрича, “Давлат Конституцияси инсон Конституциясини бузмаслиги керак” деган афоризм Қозоғистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид янги ёндашувларни тўлиқ акс эттиради.

Тўқаев сўз якунида қонун ва тартиб устуворлигини давлат мафкураси сифатида яна бир бор таъкидлаган. Унинг айтишича, бу тамойилни тўлиқ англамасдан ва уни миллий менталитетнинг муҳим қисмига айлантирмасдан туриб, қозоқ давлатчилигини мустаҳкамлаш ҳақида гапириш қийин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг янги конституцияси лойиҳасида сўз эркинлиги ва ахборот тарқатиш эркинлиги бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига, шунингдек,  фуқароларнинг соғлиғига дахл қилмаслиги кераклиги белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

Кеча, 11 февраль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил 15 март куни мамлакатда янги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоғистон Конституцияси матнининг 84 фоизи қайта ёзилади, тузатишлар эса 77 та моддани қамраб олади.

Жорий йилнинг 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишида Президент Тўқаев мамлакат бир палатали парламент тизимига қайтиши ва у Қурултой деб номланиши, вице-президент лавозими тикланиши, давлат маслаҳатчилари лавозими тугатилиши, шунингдек, Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритилишини айтган эди

Маълумот учун, Қозоғистон Республикаси Конституцияси бугунгача 6 марта ўзгарган ва сўнгги ўзгариш 2022 йилда бўлган эди. 

Конституциявий ўзгаришлар:

1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев Қосим-Жомарт Тўқаев биринчи президент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг