Яшнобод аҳолисининг муаммоси 10 кунда ҳал этилади – Тошкент ҳокимлиги
Жамият
−
24 Август 2020
8094Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Яшнобод тумани Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги 25, 27, 8, 8-а уйларда яшовчи аҳоли жорий йилнинг 19 август куни иссиқ сув ва иссиқлик таъминотидаги муаммолар бўйича видео мурожаат йўллади.
Пойтахт ҳокимлиги мавжуд муаммоларни ўрганиб, 10 кунда ижобий ҳал этилишига вада берди.
Маълум бўлишича, мурожаат чиқишидан аввал мазкур турар-жой уйлари “Ўздонмаҳсулот” AЖга тегишли қозонхонадаги иссиқлик энергияси билан таъминланган. “Ўздонмаҳсулот” AЖ технологик жараёнлари таъмирланганлиги боис, ушбу уйларда иссиқлик таъминоти тўхтатилди.
Таъкидланишича, вужудга келган вазиятни ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан янги иссиқлик трассасини қуриш ва ушбу уйларни “Aвиашаҳарча-22” локал қозонхонасига улаш бўйича ишлар бошланди.
Юқорида кўрсатилган уйларнинг қозонхонага уланиши “Aвиашаҳарча-22” қозонхонасига уланган турар-жойларнинг иссиқлик таъминотига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун локал қозонхона ускуналарининг қувватини ошириш ишлари олиб борилмоқда ва узунлиги 384 п/м бўлган янги иссиқлик трассаси қурилмоқда.
“Шунга кўра, локал қозонхона ускуналарини реконструкция қилиш учун 95 млн сўм ва янги иссиқлик трассаси қурилиши учун 1 млрд 15 млн.сўм маблағ ажратилган. Ишлар 24 август куни бошланиб, 10 кун ичида якунланади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси