Муддати ўтган товарларни сотганлик учун йирик миқдорда молиявий санкция жорий қилинади
Бу қизиқ
−
19 Май 2021
6071Ўзбекистонда яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдори молиявий санкция тайинлаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Кўрилаётган қонун лойиҳасида норматив-ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган, яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган, шунингдек қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари, яъни 12 250 000 сўм миқдорида молиявий санкция қўллаш кўзда тутилган.
Мазкур молиявий санкция маъмурий жарима қўлланилишидан қатъий назар тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилади.
Ҳозирда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Агентлик маълумотига кўра, ўтган бир йил давомида яроқлилик муддати ўтган товарларни сотилиши ҳолатлари бўйича 157 та мурожаат келиб тушган. Ушбу ҳолатларнинг катта қисми Тошкент шаҳрига (94 та) тўғри келади.
Бундай ножўя ҳаракатларга қарши, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилган.
Агарда қонун бузилганда, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасида истеъмолчиларга била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан истеъмолчиларни товарнинг истеъмолга оид хусусиятлари ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган.
Истеъмолчи диққатига!
Маҳсулот қадоғида унинг ишлаб чиқарилган йили ва ойи, тез бузиладиган маҳсулотлар, болалар ва пархезли озуқалар учун – кун ва соати, уларни сақлаш ва истеъмол қилиш ёки фойдаланиш шартлари келтирилган бўлиши керак.
Юқоридаги маълумотлар "Санитария қоидалари ва нормалари “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш шароитлари ва яроқлилик муддатига қўйиладиган гигеник талаблар”нинг 3.1.4-бандида келтирилган.
Агар сиз муддати ўтган маҳсулот харид қилган бўлсангиз, маҳсулотни қадоғи очилган тақдирда ҳам дўконга қайтариб бериш ҳуқуқига эгасиз.
Бу ҳақида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддасига мувофиқ, агар истеъмолчига нуқсонли товар сотилган бўлса, у ўз хоҳишига қараб товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш, товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш усулларидан бирини танлаш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Агар сотувчи сиз харид қилган маҳсулотини қайтариб олишни рад этса, сиз 1159 қисқа рақамлари ёки @consumergovuz_bot телеграм боти орқали Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин.
Дурдона Пирназарова
LiveБарчаси