“Ярамас жазосиз қолмайди!”: Отабек Умаров аёлларни ҳақоратлаган фермер ишини назоратга олди
Жамият
−
27 Октябрь 2019
44158Кеча, 26 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ёш фермер даласида пахта тераётган онаси тенги теримчи аёлларни ҳақоратлаётгани тасвирланган видео тарқалди. Фермер аёлларни : “Чмо” бўлганингдан кейин пахта терасанда”, деб ҳақорат қилган.
Мазкур видео тарқалганидан кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари – Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фермернинг топилиши ва тегишли жазо олишини шахсан назоратга олишини маълум қилди.
“Ярамас жазосиз қолмайди! Бу масала билан шахсан шуғулланаман!”, деган Отабек Умаров.
У ушбу постни қолдирилганидан 3 соат ўтиб эса фермернинг кечирим сураб турган видеосини жойлаштирди. Видеога қуйидаги шарҳ қолдирилганди:
“Қўполлик қилган шахснинг кимлиги аниқланди. Кечирим сўраш одилона жазони таъминлашнинг биринчи қадами, холос. Тез фурсатларда унга нисбатан қонунда белгиланган чора кўрилади.”
Қизиғи, мазкур ҳолат қачон, қаерда юз берган, фермернинг исм-шарифи нима бу тўғрида ҳеч бир расмий идора маълумот бермади.