Япониянинг юзинчи Бош вазири сайланди

Олам

image

Бугун, 29 сентябрь куни Японияда бўлиб ўтган сайловлардан сўнг, Фумио Кисида мамлакатнинг юзинчи Бош вазири этиб сайланди. Шунингдек, у Япония Либерал-демократик партияcининг раҳбари ҳам бўлди. Бу ҳақда “swissinfo.ch” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Кисида ва Таро Коно Бош вазир сайловларининг иккинчи турида ўзаро кураш олиб борган. Кисида парламент депутатлари ўртасида ўтказилган овоз бериш натижасида 427 овоздан 257 тасини қўлга киритган. Собиқ Мудофаа ва ташқи ишлар вазири Коно эса 170 овоз тўплашга муваффақ бўлган. Шу тариқа Кисида Либерал-демократик партиясининг янги етакчиси ва Япониянинг юзинчи Бош вазирига айланди.

Сайловда бу икки номзоддан ташқари Санаэ Такаити ва Сэико Нода ҳам кураш олиб борди. Аммо улар биринчи турда етарли овоз тўплай олмасдан курашни тарк этди.

Мамлакатнинг янги Бош вазирини тасдиқлаш 4 октябрь куни парламентда ўтказилиши керак.

Маълумот ўрнида, Кисида 1957 йилда Хиросима префектурасида туғилган. У 1982 йилда Васеда университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. 2007-2008 йилларда Окинава ва “Шимолий ҳудудлар” вазири, 2012-2017 йилларда Ташқи ишлар вазири бўлган. Унинг 4 октябрь куни янги лавозимга киришиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилдан буён Синдзо Абэ Японияда Бош вазир лавозимида ишлаб келаётганди. Аммо 2020 йил сентябрь ойида у соғлиғидаги муаммолари сабаб, лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Ёшихидэ Суга эгаллади.

Бироқ, жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Бош вазир Ёшихидэ Суга бўлажак сайловларда қатнашмаслигини эълон қилди. Бунга ўша вақт унинг ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши самарасиз кураш олиб боргани учун танқид остида қолгани сабаб бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

107

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг