Япония жосуслик сунъий йўлдошини космосга олиб чиқди

Олам

image

Япониянинг маълумот тўплаш учун мўлжалланган “Когаку-7” жосуслик сунъий йўлдоши бугун, 9 февраль куни Н2А ракета-ташувчиси ёрдамида орбитага муваффақиятли чиқарилди. Бу ҳақда Япония аэрокосмик агентлиги (JAXA) хабар бермоқда.

Қурилма ер юзасини кузатиб боради ва рақамли камера ёрдамида суратга олади. Aсосий вазифаси - Шимолий Кореянинг фаолияти ва объектларини, айниқса, унинг ракета дастурига киритилганларини кузатишдан иборат.

Н2А ракета-ташувчиси учун бу учиш кетма-кет 35-марта муваффақиятли амалга оширилди.

2015 йилда Япония ҳозирги сунъий йўлдошнинг аждоди “Когаку-5”ни учирган эди. У 40 сантиметр ўлчамдаги объектнинг тасвирини олиш имконини берувчи юқори аниқликдаги камералар билан жиҳозланган эди.

Япония жосуслик йўлдошларни яратиш ва ривожлантириш учун йилига 60 миллиард ийен (тахминан 555 миллион доллар) сарфлайди. Бунга 1998 йилда Шимолий Корея томонидан "Тэпходон" ракетасининг учирилиши сабаб бўлган. Шундан сўнг, орадан беш йил ўтиб, Япония ўзининг биринчи жосуслик сунъий йўлдошини учирди. 

Ҳозирда орбитада Япониянинг бешта операцион оптик жосуслик сунъий йўлдоши ва иккита операцион радари мавжуд. Оптик сунъий йўлдошлар кун давомида Ерни, жумладан, ҳарбий объектларни, радар йўлдошлар эса тунда ёки булутли шароитда Ер сатҳини кузатиб боришмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг