Япония ва Швейцария Россияга қарши қаттиқроқ “тиш қайраш”га келишиб олди
Олам
−
18 Апрель 2022
6587Япония Бош вазири Фумио Кисида ва Швейцария Президенти, Ташқи ишлар федерал департаменти раҳбари Иньяцио Кассис Токиода бўлиб ўтган музокаралар якунида Украина атрофидаги вазият туфайли Россияга қарши санкциялар сиёсатини давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда ТАСС Япония Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, хабар берди.
“Раҳбарлар Россия Федерациясига нисбатан қаттиқ санкцияларни давом эттиришга келишиб олди”, дейилади баёнотда.
Япония Бош вазирининг таъкидлашича, жаҳон ҳамжамиятининг бирлигига ҳар қачонгидан ҳам шошилинч эҳтиёж бор.
“Мен муҳим ҳамкоримиз бўлган Швейцария билан яқин ҳамкорликда бу масалага ёндашувни ишлаб чиқмоқчиман”, деган Кисида.
Бундан ташқари, сиёсатчилар КХДР атрофидаги вазият юзасидан фикр алмашган ва Шимолий Корея ракеталарини учириш, шунингдек, Япония фуқароларини ўғирлаш муаммосига ёндашувни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олган.
Маълумот учун, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.
Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.
Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.
АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростеч” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди.
9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.
6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди.
7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.
LiveБарчаси