Япония Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди
Олам
−
26 Сентябрь 2022
4419Япония ҳукумати Украинадаги вазият туфайли Россияга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллади. Мудофаа саноати билан боғлиқ 21 ташкилот рўйхатга қўшилди, кимёвий қурол ишлаб чиқариш билан боғлиқ товарларни етказиб беришга тақиқ жорий этилди. Бу ҳақда бугун, 26 сентябрь куни Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги маълум қилди.
Хусусан, Япониядан экспорт қилиш тақиқланган ташкилотлар рўйхатига “Мосэлектронпроект” ОАЖ, “Эталон” Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Энергия” АЖ, А.И. Алихонов номидаги Миллий тадқиқот марказининг Курчатов институти назарий ва экспериментал физика институти киради.
Бундан ташқари, “Давлат мудофаа буюртмаси бўйича савдоларнинг автоматлаштирилган тизими” МЧЖ, “Темп-Авиа” Арзамас илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, Россия Мудофаа вазирлигининг 46-сонли Марказий илмий-тадқиқот институтининг Федерал давлат буджети муассасаси, ВНИИОФИ Федерал давлат унитар корхонаси ва Бутунроссия оптик ва физик ўлчовлар илмий-тадқиқот институти учун чекловлар қўйилди.
Янги санкциялар 3 октябрдан кучга киради. Ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши ўтган ҳафта Нью-Йоркда “Катта еттилик”даги ҳамкасблари билан учрашув чоғида Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш ниятида эканлигини маълум қилганди.
Япония ҳукумати аввалроқ Украина атрофидаги вазият туфайли Россия Федерациясига нисбатан бир нечта қисмли чекловчи чоралар мажмуасини тасдиқлаган эди. Россия, Беларусь, тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикаларидан жами 700 дан ортиқ киши, шунингдек, 200 дан ортиқ Россия ва Беларусь компаниялари ва ташкилотлари индивидуал санкциялар остида қолди. Бундан ташқари, Япония “Откритие Банк”, “Новикомбанк”, “Совкомбанк”, ВТБ, “Россия” банки, “Промсвязбанк”, ВEБ.РФ, “Сбербанк” ва “Альфа Банк”, шунингдек, 40 га яқин Россия ташкилот ва компаниялари активларини музлатиб қўйди.
LiveБарчаси