Япония Марказий Осиёда 19 млрд долларлик бизнес мақсадини белгилади
Олам
−
20 Декабрь 1413 2 дақиқа
Япония бугун, 20 декабрь куни Марказий Осиёдаги бизнес лойиҳаларини умумий қиймати 19 миллиард долларга етказиш бўйича беш йиллик мақсадни эълон қилди. Бу қадам Токио табиий ресурсларга бой минтақада ўз таъсирини оширишга ҳаракат қилаётгани билан боғлиқ. Бу ҳақда “Japan Today” хабар берди.
Бу эълон Япония Бош вазири Санаэ Такаичи беш Марказий Осиё давлати раҳбарлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон – билан илк саммитни Токиода ўтказгандан сўнг қилинди.
Беш раҳбар билан учрашувдан сўнг эълон қилинган қўшма баёнотда Япония Марказий Осиёда 5 йилда умумий қиймати 3 триллион иена (19 миллиард АҚШ долларига яқин) бизнес лойиҳаларини амалга ошириш мақсадини белгилагани қайд этилган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи каби, Япония ҳам ҳудуднинг бой, аммо ҳануз фойдаланилмаган табиий ресурсларига қизиқмоқда. Бунинг асосий мақсади ноёб ер металлари захирасини диверсификация қилиш ва Хитойга боғлиқликни камайтиришдир.
Баёнотда таъкидланишича, “бой ресурслар ва энергия манбаларига эга бўлган Марказий Осиё учун халқаро бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириш муҳимдир.”
Раҳбарлар муҳим минераллар таъминот занжирини кучайтиришга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди, шу билан бирга, иқтисодий ўсиш ва декарбонизацияга эришишга ваъда беришди.
Марказий Осиё раҳбарлари шу йили Россия Президенти Владимир Путин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Европа Иттифоқи раиси Урсула фон дер Ляйен билан ҳам алоҳида саммитлар ўтказганди. Ҳоккайдо университетининг Марказий Осиё сиёсати бўйича профессори Томоҳико Уямага кўра, бу саммит Япониянинг ҳудуддаги таъсирини ошириш учун муҳим саналади.
“Табиий ресурслар, айниқса ўтган йилда, Хитойнинг ноёб ер металларига оид ҳаракатлари сабабли диққат марказига айланди”, дейди Уяма бу йил Пекин томонидан қўлланилган қатъий экспорт назоратига ишора қилиб.
Бугун, 20 декабрь куни раҳбарлар “Транс-Каспий Халқаро Транспорт йўли” бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам келишиб олди – бу минтақани Европа билан Россия орқали ўтмай боғлайдиган логистика тармоғидир.
Шунингдек, “ҳавфсиз, ишончли ва одилонa сунъий интеллект” бўйича ҳам келишувга эришилди.
Япония узоқ вақтдан бери ўз тадбиркорларини ҳудудга сармоя қилишга ундамоқда, аммо улар ҳозирча эҳтиёткорликни сақлашмоқда.
Ноёб ер металларидан ташқари, Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиси, Ўзбекистон энг катта олтин захираларига эга ва Туркманистон газга бой. Қирғизистон ва Тожикистон тоғли бўлиб, янги минерал конлари очилаяпти. Бироқ бу захираларни ишлатиш мураккаблигича қолмоқда.