Япония Курил оролларини “ноқонуний босиб олинган” деб атади
Олам
−
22 Апрель 2022
13481Япония Ташқи ишлар вазирлиги 2003 йилдан бери биринчи марта “Дипломатиянинг мовий китоби”да Курил оролларини “ноқонуний босиб олинган” ҳудуд деб атади. Бу ҳақда "Kyodo" ва NHK телеканаллари бугун, 22 апрель куни мамлакат Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида тақдим этилган ҳужжатга таяниб хабар бермоқда.
Китобнинг янгиланган версиясида ороллар “Япониянинг ажралмас қисми” деган сўзлар ҳам киритилган. "Kyodo"нинг қайд этишича, бундай тавсиф ҳужжатда 2011 йилдан бери йўқ эди.
Бундан ташқари, Япония Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралаб, буни “нафақат Европа, балки Осиёдаги халқаро тартиб асосларига путур етказувчи зўравонлик” деб атади. Ҳужжатда қайд этилишича, Украинадаги уруш фонида Токио Москва билан ороллар бўйича музокаралар ва тинчлик шартномаси истиқболларини баҳолай олмайди.
Эслатиб ўтамиз, Япония Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан Ғарб санкцияларига қўшилгач, Москва Токио билан тинчлик шартномасини тузишдан бош тортди. Бундан ташқари, Россия японларнинг Курил оролларига визасиз саёҳатларини бекор қилди ва ороллардаги иқтисодий фаолият бўйича мулоқотдан чиқди, шунингдек, Японияни "нодўстона" давлатлар рўйхатига киритди.
Маълумот ўрнида, Россия 1905 йилда Россия-Япония урушидаги мағлубиятдан сўнг Сахалиннинг жанубий қисмини Японияга топширган. 1945 йил февраль ойида эса Совет Иттифоқи Япония билан урушга кириш эвазига Сахалин ва Курил оролларини қайтариб олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь