Япония коронавирус учун дори ишлаб чиқаришни бошлайди
Саломатлик
−
19 Март 2020
18781Япония коронавирус учун дори ишлаб чиқаришни бошлайди
Япониянинг "Takeda Pharmaceutical" фармацевтика компанияси коронавирусни даволаш учун қон плазмасидан олинган дори ишлаб чиқарилишни бошлайди. Бу ҳақда компания ўз баёнотида эълон қилди.
"COVID-19 билан касалланган одамларни даволаш учун препарат ишлаб чиқилмоқда", деди компания ўз баёнотида.
Ҳозирда компания тадқиқотни тезлаштириш учун соғлиқни сақлаш ва ҳукумат идоралари, шунингдек, АҚШ, Осиё ва Европадаги шериклари билан музокаралар олиб бормоқда.
Компаниянинг таъкидлашича, дори ишлаб чиқариш учун COVID-19 инфекциясини муваффақиятли ўтказган ёки вакцина яратилгандан кейин эмланган одамларнинг қон плазмасинм талаб қилади.
"Соғайиб кетган беморлар қон плазмаларида COVID-19 билан касалланган беморларда касалликни енгиллаштирадиган ва эҳтимол унинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган вирусга қарши антикорлар вужудга келади", дея тушунтирди компания.
"Takeda Pharmaceutical" Япониянинг Осака шаҳрида жойлашган. Компания 1781 йилда ташкил этилган. Бозорда 1925 йилдан бери корпорация сифатида фаолият олиб боради. Ходимлар қарийб 30 минг кишидан иборат.
Маълумот учун, Россиянинг "Biocad" фармацевтика компанияси бош директори Дмитрий Морозов, 66 та компания коронавируснинг янги турини даволаш учун дорилар ишлаб чиқаришини эълон қилди. Улардан 51 таси вирусга қарши вакцина топиш устида ишламоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 226 418 нафарга етган. Бу касаллик туфайли 9 285 киши вафот этган. Беморлардан 6 895 нафари ёки 5 фоизининг аҳволи оғир. Шу кунгача касалликни юқтирганларнинг 85 831 нафари бу вирусдан фориғ бўлган.