Япония Бош вазири ўғлининг мансабдорлар билан овқатлангани учун узр сўради

Олам

image

Япония Бош вазири Ёсихидэ Суга ўғлининг мамлакат Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги вакиллари билан кечки овқатда қатнашгани учун узр сўради. Бу ҳақда “Tokyo Shimbun” нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, 2020 йилда Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлигининг тўрт нафар раҳбари  Бош вазир Ёсихидэ Суганинг “Tohokushinsha Film” телекомпаниясида ишлайдиган тўнғич ўғли билан овқатланган. Сейго Суга расмийларнинг овқатланиши учун тўловларни ўзи тўлаган ва телекомпания билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.

Қайд этилишича, Токиода Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши бўлиб ўтган, унда мансабдор шахсларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш масалалари муҳокама қилинган.

“Мансабдор шахсларнинг одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига олиб келган ҳаракатларида ўғлимнинг ҳам иштирок этгани учун узр сўрайман”, дейди Бош вазир.

Маълумот учун, Бош вазирнинг ўғли Сейго Суга “Tohokushinsha Film” телекомпаниясида ишлайди, унга сунъий йўлдош орқали эфирга чиқиш лицензияси Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги томонидан берилади.

Порталнинг хабар беришича, Сейго Суга 2016 йилдан бери камида 12 маротаба мансабдорлар билан овқатланиб, уларга совғалар ҳадя қилган. Амалдаги қоидаларга кўра, ҳукумат амалдорлари манфаатдор томонлардан бирон бир совға ёки хизматни қабул қилиши мумкин эмас.

Аввалроқ Япония бош вазири карантин чекловларига қарамай тунги клубларга ташриф буюрган амалдорлар учун узр сўраган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг