Япония 24 февралда G7 саммитини ўтказишни режалаштирмоқда  

Олам

image

Япония жорий йилнинг 24 февраль куни Украинада уруш бошланганининг бир йиллигига бағишланган G7 (Катта Еттилик) саммитини онлайн тарзда ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 февраль куни “Kyodo” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, G7’га раислик қилаётган Япония бош вазири Фумио Кисида музокараларга Украина Президенти Владимир Зеленскийни ҳам таклиф қилишни кўриб чиқмоқда. Учрашувда томонлар Россияга нисбатан санкциялар босимини сақлаб қолиш ва Украинага ёрдам кўрсатишни давом эттириш бўйича ўз позицияларини мувофиқлаштириши кутилмоқда. Шунингдек, музокаралар мавзулари орасида Украинада инфратузилмани тиклаш ва барқарор энергия таъминотини таъминлаш ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Кисида учун G7 саммитини онлайн тарзда ўтказиш жорий йилнинг май ойида Хиросимада гуруҳ раҳбарларининг юзма-юз учрашувини ўтказиш олдидан муҳим тайёргарлик босқичи бўлади. Чунки G7’даги ҳамкасблари орасида фақат угина Украинага ташриф буюрмаган ва Зеленский билан учрашмаган ягона етакчи бўлиб қолмоқда. Унга ташриф тўғрисида таклиф берилган бўлсада, Украинага сафар қилиш хавфсизлик нуқтаи назаридан қийин бўлиши сабабли у ҳали бу ташрифни амалга оширмаган. Шунингдек, Токио ва Москва ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир йил ичида кескин ёмонлашгани ҳам бунга таъсир қилган.

Маълумот учун, ўтган йилнинг 24 февралида Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассга қўшин киритган эди. Шундан сўнг Ғарб давлатлари ҳам Украина ҳимояси учун мамлакатга ҳарбий аслаҳалар жўната бошлаганди. Мана қарийб бир йилдирки давом этаётган уруш оқибатида ҳозиргача тахминан 40 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилган ва унга кўра Россияга роботлар, радиоактив материаллар, вакциналар ва тиббий асбоблар етказиб беришни тўхтатган эди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг