Январдаги тартибсизликлар вақтида Тўқаевга “қочиш” таклиф қилинган

Олам

image

Қозоғистонда январь воқеалари чоғида Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга мамлакатни тарк этиш таклиф қилинган эди. Бу ҳақда ўша пайтда давлат раҳбари маъмуриятига раҳбарлик қилган парламент раиси Ерлан Кошанов интервьюда гапирди.

“Унга мамлакатни тарк этиб, хавфсизроқ жойга боришни ким таклиф қилганини аниқ билмайман. Биз шундай бўлганини биламиз, лекин уни айнан ким таклиф қилганини билмайман”, дейди у.

Кошановнинг айтишича, у ДҚХ (Давлат қўриқлаш хизмати – Президент қўриқчилари) ходими давлат раҳбари кабинетига қандай кириб келганига ва Оқўрдага эҳтимолий ҳужум борлиги сабаб хавфсиз жойга кўчиш зарурлиги ҳақида хабар берганига гувоҳ бўлган.

“Кўз олдимда содир бўлган бир воқеани айтиб бераман. Олма-ота ва вилоятларда тартибсизликлар бўлганда, мен ўша пайтда Президент идорасида эдим, бир хавфсизлик ходими кириб келиб: “Жаноб Президент, Оқўрдага ҳужум уюштириш эҳтимоли бор, сизни хавфсиз жойга олиб боришимиз керак”. Бу тўғри, бу уларнинг иши эди. Аммо кейин мен Президентни бошқа томондан кўрдим. У жуда қатъий жавоб берди: “Ҳеч қаёққа бормайман, нима бўлса ҳам шу ерда кўраман”, деб кўрганларини айтиб берган Кошанов.

Унинг сўзларига кўра, январь воқеалари пайтида Тўқаев 10 кун давомида Оқўрдадан чиқмаган.

Кошановнинг сўзларига кўра, январь ойи бошида Президент маъмурияти кучайтирилган режимда ишлаган. Ҳар уч соатда Тўқаев бошчилигида штаб фаолият юритган.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг