Янгийўлдаги уйда портлаш юз берди. Икки киши ҳалок бўлди
Жамият
−
30 Ноябрь 2020
7659Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 30 ноябрь куни соат 7:42 да туманнинг Истиқлол кўчаси, "Қирариқ" МФЙда жойлашган 80-сонли уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Оқибатда уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган. Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 й.т. И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р. ва 2009 йилда туғилган И.С. олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган.
“Чақнаш оқибатида 1984 й.т. И.С., 2006 йилда туғилган И.Р. вафот этган бўлиб, 1987 йилда туғилган И.Н. ва 2009 йилда туғилган И.С. турли даражада тан жароҳатлари олган”, дейилади хабарда.
Чақнашнинг асосий сабаби сифатида табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши тахмин қилинмоқда.
Воқеа жойида Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ, ФВБ, ССБ ва тегишли идораларнинг куч ва воситаларини жалб қилинган бўлиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.