Янги Зеландия Россиянинг ўнлаб тадбиркорлари ва амалдорларига санкциялар киритди
Олам
−
11 Октябрь 2022
1626Янги Зеландия ҳукумати 51 нафар россиялик тадбиркор ва Россия Федерациясининг тан олинмаган ҳудудларининг 24 нафар давлат хизматчисига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда “New Zealand Herald” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, "қора рўйхат"даги тадбиркорлар орасида “Evraz” металлургия ва тоғ-кон компанияси директорлар кенгаши раиси Александр Абрамов ҳам бор. Унинг оила аъзолари ҳам чеклов таъсирига тушган.
Янги Зеландия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган рўйхатга кўра, эртага, 12 октябрь куни кучга кирадиган санкциялар ичида “Газпромбанк” бошқаруви раиси Андрей Акимов ҳам бор. Шунингдек, “Лукойл” ОАЖ бошқаруви раиси ва таъсисчи Вагит Алекперов, "Газпром нефть" бош директори, бошқарув раиси Александр Дюков, “Система” Акциядорлик молия корпорацияси директорлар кенгашининг собиқ раиси Владимир Евтушенков, “Интеррос” бош директори, “Норильский никель” компанияси бошқаруви раиси Владимир Потанин, “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев ва бошқа тадбиркорлар санкциялар рўйхатига киритилган.
Бундан ташқари, рўйхатга Украинанинг босиб олинган Херсон вилоятининг оккупацион ҳукумати Бош вазирининг ўринбосари Владимир Беспалов, Запорожье вилояти ҳукумати раҳбари Антон Кольцов ва ушбу вилоятлардан бир қатор бошқа расмийлар ҳам киритилган. Шу билан бирга, тан олинмаган Донецк халқ республикаси Бош вазири ўринбосари Евгений Солнцев ва Луганск халқ республикасидан бир қанча амалдорлар ҳам бор.
Деярли барча рўйхатдаги шахслар Янги Зеландияга ташриф буюриши, уларнинг самолётларининг мамлакат ҳаво ҳудудига кириши ва кемаларининг портларга кириши тақиқланади. Улар ушбу хизматлардан фойдалана олмайди, активлари музлатилади. Шу билан бирга, Абрамов учун активлар ва хизматлар бўйича истиснолар мавжуд.
LiveБарчаси