Янги Зеландия бу сафар Россиянинг мудофаа тузилмаларини “нишонга олди”

Олам 15412
image

Янги Зеландия ҳукумати Украинадаги вазият фонида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг 170 нафар аъзосига ва мамлакатнинг олтита мудофаа корхонасига қарши янги санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС мамлакат Ташқи ишлар вазири Наная Махутага таяниб, хабар берди.

“Янги Зеландия россиялик сиёсатчилар ва [Россия Президенти] Владимир Путиннинг Украинадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи мамлакат мудофаа тузилмаларига қарши янги санкциялар эълон қилмоқда. Бу билан биз босқин учун жавобгарларни таъқиб қилишда давом этиш ниятимиз борлигини кўрсатамиз”, деб тушунтирган Махута ҳукумат сайтида эълон қилинган баёнотда.

Ҳужжатда айтилишича, навбатдаги санкциялар пакети Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг 170 нафар аъзосига ва рўйхати ҳали тақдим этилмаган олтита мудофаа корхонасига тааллуқлидир.

Аввалроқ, Янги Зеландия Россия Федерациясининг 18 та молия институтига нисбатан санкциялар жорий қилган эди. Рўйхатга Россия Марказий банки, Миллий фаровонлик жамғармаси, Альфа-банк, "Россия" ва"Откритие" банклари, Қора денгиз тараққиёт ва тикланиш банки, Москва кредит банки, Газпромбанк, Генбанк, саноат жамғарма банки, Новикомбанк, Росселхозбанк киради. , Россия миллий тижорат банки (Қрим Республикасининг магистрал банки), Сбербанк, Совcомбанк, СМП Банк, Внешэкономбанк ва ВТБ киритилган. Санкцияларга дучор бўлган Россия фуқароларининг умумий сони 400 нафардан ошди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.

Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.

Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.

АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди. 

9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.

6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди. 

7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 116
Рейтинг: 3.1
t
×