Спортдаги сарҳисоб. 2024 – Ўзбекистон спортида нималар ўзгарди?
Спорт
−
29 Декабрь 2024
1821Якунланаётган 2024 йил ўзбек спортида кўплаб унутилмас, ҳаяжонли ва шов-шувли воқеалар билан ёдда қолди. Мазкур йилда Ўзбекистон ўз тарихидаги энг яхши Олимпиадани ўтказди ва кўплаб йирик турнирларга мезбонлик қилди, ўзбек спортчилари жаҳон ареналарида тарихий натижаларни қайд этди ва шу билан бирга, йил охирига яқин келганда Ўзбекистон йирик турнир мезбонлигидан маҳрум бўлди.
Бугун QALAMPIR.UZ сизга ўзбек спорти учун мулоҳазали, омадли ва баъзида аламли тарзда ўтган 2024 йил сарҳисобини тақдим этиб, энг муҳим воқеликларни яна бир бор ёдга олади.
Ўзбекистон тарихидаги энг яхши Олимпиада
2024 йилда бир қатор муҳим ва нуфузли спорт мусобақалари ўтказилган бўлса ҳам, барибир нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё эътибори ёзда Париж шаҳри мезбонлик қилган Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига қаратилди. 26 июлдан 11 августга қадар бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон ўз тарихидаги энг катта таркиб билан қатнашиб, Олимпиадалардаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари 19 та спорт турида 90 нафар спортчи билан 75 та лицензия бўйича баҳсларга киришиб, мусобақа якунларига кўра, 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида Венгрия, Испания, Бразилия ва бошқа кўпгина номдор мамлакатларни ортда қолдириб, 13-ўринни эгаллади.
Париж Олимпиадасининг ўзбек спорти учун алоҳида аҳамиятли жиҳати баҳсда илк марта футбол турида ҳам Ўзбекистон жамоасининг иштирок этгани бўлди. Темур Кападзе мураббийлигидаги Олимпия жамоаси гарчи мусобақада қониқарли натижа қайд эта олмаган бўлса ҳам, турнирда қатнашиш орқали ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди.
Париж Олимпиадасида Ўзбекистонга дастлабки медални -52 кг вазнда дзюдо баҳсларида иштирок этган Диёра Келдиёрова тақдим этди. Келдиёрова Парижда Ўзбекистонга биринчи медални келтириш баробарида, Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпиадада олтин медални қўлга киритган илк аёл спортчи бўлди. Айниқса, Келдиёрованинг дзюдо ватани бўлмиш Япония вакили Уто Абэни мағлуб этиши бутун дунёда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди.
Тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида Ўзбекистонга энг кўп ва юқори пробадаги медалларни кутилганидек бокс терма жамоаси тақдим этди. Ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари делегация ҳисобига 5 та олтин медални тақдим этиб, тарихий ғалабанинг асосини ташкил қилиб берди.
Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашидов ва Ҳасанбой Дўсматов каби спортчилар икки карра ёзги Олимпиада ўйинлари ғолиби деган номга сазовор бўлди. Шунингдек, Олимпиадада эркин кураш баҳсларида иштирок этган асли чеченистонлик Разамбек Жамалов ҳам Ўзбекистон ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди.
Олимпиада баҳсларидан кейин барчанинг эътибори 24 августдан 8 сентябрьга қадар ўтказилган Паралимпиада ўйинларига қаратилди. Қизиғи, олимпиячилар сингари паралимпиячилар ҳам умумжамоа ҳисобида 13-ўринни банд этди. Ўзбекистонлик матонат эгалари 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза, жами 26 та медалга эга чиқди.
Олимпиада ва Паралимпиада ғолибларига 200 минг АҚШ доллари, икки қаватли коттеж ва Tahoe автомобили, 2-ўрин соҳибларига 100 минг АҚШ доллари, уй ва BYD, бронза медаль эгаларига эса 50 минг доллар, BYD ва уй калитлари топширилди.
Ўзбекистон илк бор FIFA таснифидаги мусобақага мезбон бўлди
14 сентябрдан 6 октябрга қадар Ўзбекистон футзал бўйича тарихий Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. 2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон футзал мундиалига мезбонлик қилиши аниқ бўлганди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мезбонликни қабул қилиб олгач, катта тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Аввало мамлакат жамоасининг ўзи мезбонлигидаги мундиалда муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида футзал “Гвардиоласи” деб таъриф бериладиган испаниялик дунёга машҳур мутахассис Хосе Венансио Лопес терма жамоа устози этиб тайинланди.
Ўзбекистоннинг 3 та шаҳри – Тошкент, Андижон ва Бухорода ЖЧ баҳслари юқори савияда ўтказилди, бироқ мезбонларнинг турнирдаги иштироки савияли чиқмади. Венансио Лопес шогирдлари гуруҳ босқичида 2 та дуранг, 1 та мағлубият қайд этиб, гуруҳ босқичидаёқ иштирокини якунлади.
6 октябрь куни турнир ўз якунига етди. Тошкентдаги “Ҳумо Арена”да бўлиб ўтган финалда Жанубий Американинг энг кучли икки жамоаси тўқнаш келди.
12 йиллик танаффусдан сўнг Бразилия қитъадош жамоа – Аргентина устидан ғалаба қозониб, яна дунёда тенгсиз бўлди. Бу билан Бразилия 6 марта жаҳон чемпионига айланди.
3-ўрин учун кечган баҳсда эса Франция Украинага 1:7 ҳисобида мағлуб бўлганди. Аргентина кумуш медалга сазовор бўлди.
7 октябрь куни футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокига бағишланган йиғилиш ўтказилди. ЎФА раҳбарияти ҳамда бош мураббий Хосе Венансио Лопес қатнашган йиғилишда жамоанинг мусобақадаги иштироки танқидий кўриб чиқилиб, Лопес ишдан бўшатилди.
Гарчи Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада муваффақиятсиз иштирок этган бўлса ҳам, мамлакат FIFA таснифидаги йирик турнир мезбонлиги билан бу борада ўзи учун яхшигина тажрибага эга бўлди.
Ўзбек бокси тарихида янги саҳифа очган Мадримов
Ортда қолаётган йилнинг апрель ойида ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов америкалик енгилмас боксчи, вазн тоифасидан қатъи назар (P4P) етакчиларидан бири Теренс Кроуфордга қарши жанг қилиши аниқ бўлди ва томонлар ўртасидаги тўқнашув 3 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги 22 минг томошабин сиғимига эга “BMO Stadium” аренасида бўлиб ўтди.
Жанггача бўлган даврда face-to-face маросимларидан бири Нью-Йоркнинг ташриф қоғозларидан бири Time Square’да ўтказилди, бу эса Ўзбекистон номининг бутун дунёга машҳур бўлишида яна бир туртки бўлди.
Жанг эса ҳакамларнинг баҳсли қарори эвазига 37 ёшли Кроуфорднинг фойдасига ҳал бўлди, бироқ бу жанг том маънода ўзбек боксидаги катта бурилиш бўлди.
Мадримовга кўра, Кроуфорд билан жанг фаолиятидаги энг яхшиси ҳисобланади, гарчи Ўзбекистон вакили тўқнашувда мағлубиятга учраган бўлса ҳам.
“Албатта, Кроуфорд билан жанг фаолиятимдаги энг яхшиси. Биз жангдан олдин ўйлаган тактикамизни рингда кўрсата олдик ва мен яхшигина тажриба йиғдим. Ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Хулоса қилдимки, ҳар қандай кучли боксчи билан жанг қилса ва керак бўлса, ғалаба қозонса бўлади”, дейди Мадримов.
Эътиборлиси, мазкур жангдан сўнг Мадримов катта бокс кечаларининг асосий кардидан тушмаяпти.
“Riyadh Season” 22 февраль куни бўладиган турнирда Мадримов америкалик Виржил Ортисга қарши рингга кўтарилишини маълум қилди. Ундан аввал эса 29 ёшли ўзбекистонлик чарм қўлқоп устасининг украиналик Сергей Богачук билан жанги 21 декабрь кунига белгиланди, бироқ бу жанг бекор қилинди.
Мадримов ўткир бронхит туфайли мазкур жангда иштирок эта олмайди. Унинг ўрнини 21 декабрь куни англиялик Ишмаэл Дэвис эгаллайди.
Исроил Мадримов энди 2025 йилнинг 22 февраль куни 26 ёшли Виржил Ортис билан жанг қилади.
Хуллас, Мадримов-Кроуфорд жанги ортда қолаётган йилда ўзбек спортидаги энг катта воқеликлардан бири бўлди.
Президент қўлига ўтган спорт
Ортда қолаётган йил ниҳоят Ўзбекистондаги йирик спорт ташкилотлардан бири Миллий Олимпия қўмитаси расмий раҳбарига эга бўлгани билан ҳам ёдда қолди. 25 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 41-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди ва унда ташкилий масала кўриб чиқилиб, ташкилот раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилди ва бир овоздан сайланди.
2019-2022 йилларда Рустам Шоабдураҳмонов раҳбарлигидан кейин расмий раҳбари бўлмаган Миллий Олимпия қўмитасининг раислигини энди шахсан ҳужжатда ҳам, амалда ҳам Шавкат Мирзиёев ўз қўлига олди.
Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари ва Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ташкилотда Президентнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борадиган бўлди.
Шу вақтгача Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раиси бўлиб ишлаб келган Шерзод Тошматов эса ўз лавозимида фаолият юритишда давом этади.
Шавкат Мирзиёев бу лавозимга Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозимлиги, Ўзбекистоннинг кўп минг сонли олимпия оиласи, спортчи ва мураббийларнинг илтимосига биноан сайланди.
Янги раҳбарият олдига эса 2028 йил АҚШда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига спортчиларнинг пухта тайёргарлик кўришини таъминлаш ва ташкилот уставига мувофиқ Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, республика аҳолисини жисмоний ва маънавий тарбиялашга, жисмоний тарбия ва спорт, айниқса, миллий спорт турлари, ногиронлар ўртасида спортни ривожлантиришга ҳар тарафлама кўмаклашиш ва бошқа бир қатор вазифалар қўйилди.
Тошкентдан Осиё ўйинлари мезбонлиги олиб қўйилди
Спортнинг тепасига шахсан Президент келган бўлса ҳам, Ўзбекистон Осиё ўйинлари мезбонлигини ўзида сақлаб қола олмади.
Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ўзбекистондан Осиё ўйинлари мезбонлигини олиб қўйиб, 2025 йилги Осиё ўсмирлар ўйинларини Баҳрайнга ишониб топширди.
2 декабрь куни Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Онлайн форматда ташкил этилган мажлис кун тартибида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт вазирлигининг мурожаати кўриб чиқилди.
Пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан III ёшлар Осиё ўйинлари муддатини яна бир йилга суришни сўради.
Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирди.
Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширди ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилди.
2020 йилнинг 7 августида ҳукуматнинг “2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 468-сон қарори қабул қилинганди.
2022 йил шахсан давлат раҳбари, бугунги кунда Миллий Олимпия қўмитаси Президенти сифатида фаолият юритаётган Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Яшнобод туманида 100 гектар майдонда қиймати 289 миллион доллардан ошувчи қурилиш лойиҳасига тамал тошини қўйди.
Бош лойиҳачи – Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан ҳамкорликда Яшнобод туманидаги 100 гектар жойда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилганди, бироқ энди Ўзбекистон Осиё ўйинлари мезбони эмас.
Хўш, энди лойиҳа тақдири нима бўлади? МОҚ томонидан берилган баёнотга кўра, бу саволга атрофлича жавоб олиш мумкин.
“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича Президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади”, дейилади баёнотда.
Руслан Нуриддинов ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилади
Баҳрайнда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Руслан Нуридинов жаҳон рекордини ўрнатиб, чемпион бўлди.
Чемпионатда -109 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик атлет даст кўтариш машқида 182 кг билан бешинчи ўринни банд этган бўлса ҳам, силтаб кўтариш дастурида 242 кг билан 3 йил аввал Тошкентда ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилади. Шу тариқа унинг умумий ҳисобда қайд этган 424 кг натижасини бошқа спортчи янгилай олмади ва Нуриддинов учинчи бор икки кураш бўйича жаҳон чемпионлигига эришди.
Даст кўтариш йўналишида олтин медалга эга чиққан Шарофиддин Амриддинов силтаб кўтаришда 212 кг билан олтинчи, умумий ҳисобда эса 396 кг билан бешинчи бўлди. Шундай бўлса ҳам, барча йўналишлардаги олтин медаллар Ўзбекистон терма жамоаси вакилларига насиб этди.
Ҳа айтганча, Нуриддинов 33 ёшда. Фаолияти давомида Олимпиада, Осиё ва бошқа бир нечта йирик турнирларда зафар қучган Нуриддинов ҳамон яхши формада ва шоҳсупаларнинг энг юқорисида. Оғир атлетикада янги ёш авлод етишиб чиқаётган бир пайтда, ёши ўттиздан ошган бўлса ҳам рекордларни кўрдим демаётган Нуриддиновнинг ғалабасини йилнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири сифатида эътироф этмасак, очиғи, адолатдан бўлмасди.
Футболдаги ўсиш
Йил сўнгига келиб, доимгидай мавсум давомида ўзини ижобий томондан кўрсатган номлар тақдирланди, жумладан миллионлар ўйини бўлмиш футболда ҳам.
11 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати якунларига кўра, йилнинг энг яхшиларини аниқлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимнинг асосий совринлари мавсум чемпионлари ҳисобланмиш Қаршининг “Насаф” клуби вакилларига насиб этди. Жумладан, Ўзбекистон чемпионатида йилнинг энг яхши мураббийи сифатида Рўзиқул Бердиев эътироф этилган бўлса, Акмал Мозговой энг яхши футболчи деб топилди.
14 декабрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида ўзбек футболида йилнинг энг яхшиларини аниқлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистоннинг энг яхши футбол мураббийи сифатида Темур Кападзе эътироф этилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев эса Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси совринини қабул қилиб олди.
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси совринини қабул қилиб олган Аббосбек Файзуллаев овоз тўплаш жараёнида Абдуқодир Ҳусановни атиги 1 баллга ортда қолдирди.
Ортда қолаётган йил Олимпиадада Баҳодир Жалоловнинг овқат масаласида сўз очиб, ўзи билмай Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзенинг “томорқасига тош отиши”, Олимпия чемпионининг Президент совға қилган автомобилда шаҳар кўчаларида катта тезликда ҳаракатланиб қоида бузиши, Ўзбекистонда Баскетбол ва сузиш федерацияси раҳбарлари ташкилот маблағини ўз эҳтиёжи йўлида талон-торож қилиши ва бошқа бир қатор шунга ўхшаш танқидий изоҳларга сабаб бўлувчи ҳолатлар билан ҳам ёдда қолди. Бу мавзулар ҳақида QALAMPIR.UZ йил давомида бот-бот таъкидлади, материаллар тайёрлади.
Ўйлаймизки, ўзбек спорти 2024 йилда йўлга қўйилган хато-камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, 2025 йилда бизни камроқ аччиқ хабарлар тайёрлашга мажбур қилади.
Келаётган йил хайрли ва ғалабали бўлсин!
LiveБарчаси
01 Январь