Янги йил дастурхони қандай бўлиши керак?

Жамият

image

Янги 2021 йил кириб келишига ҳам саноқли соатлар қоляпти. Уй бекалари ҳозирдан байрам дастурхонини қандай таомлар билан тўлдириш ва оила аъзоларини нималар билан қойил қолдириш ҳақида  бош қотиришаётгани сир эмас. Шу ўринда тўғри овқатланиш бўйича мутахассис маслаҳатларига қулоқ тутиш айни муддаодир. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қуллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова ўз тавсияларини берди.

“Инсон соғлиғи овқатланишнинг алоҳида таркибига, маҳсулотлар ва таомларнинг сифатига бевосита боғлиқ бўлади. Тўғри овқатланиш барча маълум бўлган касаллик ҳолатларининг 80 фоизининг олдини олишда аҳамиятлидир.

Уй бекалари байрам кунлари дастурхон безаш тараддудида бўладилар. Шу куни дастурхонга ўнлаб турдаги егуликлар, таомлар, пишириқлар ва ширинликлар қўйилади. Бу эса, инсон организми  учун анча оғирлик қилиши турган гап”, дейди мутахассис.

Унга кўра, овқат тўлиқ ҳазм бўлмасдан туриб, яна таом ейилса, ҳазм жараёни оғирлашади. Чунки ошқозонда овқат устига яна таом тушиши шира аралашиш меъёрини бузади. Бу ўз ўрнида кишида қорин ғулдираши, дам бўлиши ва лоҳаслик каби ҳолатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. 

Шунингдек, баъзида байрам арафасида жигар, буйрак ва ошқозон ости бези касалликларига чалинганларда ушбу хасталикларнинг зўрайиши кузатилади. Маълумки, меъда овқатга тўлиб кетса, унинг ҳаракат функцияси ёмонлашади, натижада ошқозондаги озиқ моддаларнинг шира билан аралашиши қийинлашиб, ҳазм жараёни издан чиқади.

“Агар қорин тўйишига оз қолганда овқатдан қўл тортилса, киши ҳазм аъзоларининг иши енгиллашади, одам ўзини яхши ҳис қилади ва кейинги овқатланишга иштаҳа сақлайди.

Демак, байрам кунларида нохуш ҳолатларга барҳам бериш учун, аввало, овқат истеъмол қилиш тартибига риоя этиш лозим. Кун давомида сабзавотли салатлар, ошкўклар, ҳўл мевалардан оз-оздан истеъмол қилингани маъқул”, дейди Барно Одилова.

Тажрибада аниқланишича, табиий маҳсулотлар кўпроқ ейилганда 50 фоиз ҳолларда ҳазм қилиш аъзолари яхши ишлайди. Натижада меъда-ичаклар иши осонлашиб, организмнинг овқат ҳазмига сарфланадиган энергияси бирмунча тежалади.


Мақола муаллифи

Теглар

Янги йил

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг