“Янги Ўзбекистондаги эскича қараш”. Сув “счётчик”ларини ўрнатиш истеъмолчи бўйнига илинмоқда

Жамият

image

Энди хонадонларга сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ва ҳисобини юритиш мажбуриятлари сув таъминоти корхонаси эмас, истеъмолчи бўйнига илиниши мумкин. Бу ҳақда бугун, 28 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутутлари томонидан қабул қилинган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.

Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ичимлик сув таъминоти ва оқава сув чиқариш билан боғлиқ масалаларни қонун билан тартибга солишга хизмат қилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида сув таъминоти ташкилотлари билан бир қаторда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.

Расул Кушербоевга кўра, қонуннинг 18-моддасида сув ҳисоблагичларни ўрнатиш, ҳисобини юритиш, аварияни бартараф этиш ва ҳоказо мажбуриятлар сув таъминоти корхонаси эмас, истеъмолчи бўйнига илинган.

“Қанча ҳаракат қилмайлик сув таъминоти масаласида янги Ўзбекистондаги эскича қараш қолди… Давлат бюджетидан миллиардлаб пул олиб, ортга қайтармайдиган, бироқ истеъмолчи учун битта ҳисоблагич ўрнатишни бўйнига олмайдиган тармоқнинг истеъмолчилар билан шартнома асосида тенг шартларда ишлаймиз, дейиши абсурддан бўлак нарсамас”, дейди Кушербоев.

Агар қонун лойиҳаси тасдиқланса яна ҳозиргидек электр энергияси, газ таъминотидан фарқли ўлароқ сув ҳисоблагичларни истеъмолчи ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатиши, ҳисобини юритиб, доимий таъминотчи корхонани хабардор қилиб бориши керак бўлади.

Мазкур қонун лойиҳаси депутутлар томонидан учинчи ўқилишда қабул қилинди, энди Олий Мажлис Сенатига юборилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг