Янги тўй мавсуми Ҳиндистон иқтисодиётини 70 млрд долларга бойитади

Олам

image

Ҳиндистонда янги тўй мавсуми яқинлашмоқда. Ушбу мавсумда мамлакат бўйлаб тахминан 4,8 миллион тўй бўлиб ўтиши кутилмоқда ва улар иқтисодиётга 70 миллиард доллар даромад келтириши мумкин. Ўтган йили эса 3,5 миллион тўй 50,7 миллиард доллар даромад келтирган. Бу ҳақда “Skift” хабар берди.

Тўй ҳиндистонликлар ҳаётидаги энг муҳим, ҳар қандай байрам ёки юбилейдан ҳам аҳамиятлироқ воқеа ҳисобланади. Болаларининг келажакдаги тўйи учун ота-оналар уларнинг туғилишиданоқ тайёргарликни бошлайди, маблағ ва тўй жиҳозларини йиғади. Ҳар қандай ижтимоий синф тўй учун катта бюджет ажратади.

CAIT томонидан ўтказилган сўровга кўра, тахминан 1 миллион тўйнинг ҳар бири 18 000 долларга тушиши кутилмоқда. 700 000 тўйда эса 29 800 доллар атрофида харажат қилинади. 50 000 тўйнинг ҳар бирига 59 600 доллар атрофида пул сарфланади ва яна шунча тўйларда 120 000 доллар ёки ундан ҳам кўп бюджет ажратилади.

Маълумот учун, Ҳиндистонда тўй мавсуми одатда ҳосил йиғиминг якуни билан бошланади. Бу вақтда кўпчилик минтақада иссиқликнинг пасайиши ҳам аҳамиятли, чунки оммавий тантаналар одатда очиқ ҳавода ўтказилади. Байрам уч кун давом этади ва кўплаб маросимлар, таомлар, қўшиқлар ва рақслар билан бирга бўлади.

Кузги тўйлар одатда декабрнинг ўрталаригача давом этади. Янги йилдан кейин эса улар январнинг ўрталаридан мартгача ўтказилади. Тўй харажатлари тантанали либослар, зар-маржонлар, озиқ-овқатлар, совғалар, тўйхонани ижарага олиш ва уни безатиш, транспорт, ёритиш, мусиқа, фото ва видео хизматини ўз ичига олади. Ёшлар орасида машҳур бўлган замонавий хизматлардан бири тўйни ижтимоий тармоқларда ёритиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда Анант Амбани ва Радҳика Мерчантнинг тўйи муносабати билан ўтказилган тўйолди маросимида афсонавий “Backstreet Boys”, Жастин Бибер, Pitbull, Андреа Бочелли каби хонандалар чиқиш қилган эди. Унда Жастин Бибер 10 млн доллар ишлаб топган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон тўй мавсуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг