Янги таҳрирдаги Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунда қатор талаблар бекор қилиняпти
Жамият
−
05 Сентябрь 2020
8330Кеча, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда ишлаб чиқилган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси миллий ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокама этилди. Бу ҳақда қуйи палата депутати Зафар Худайбердиев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, лойиҳа билан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилмоқда, хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилмоқда ва уларни тақдим этиш тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари рўйхати аниқ белгиланмоқда.
Қуйидаги тартиблар бекор бўлмоқда:
• диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор бўлмоқда;
• диний ташкилотни тузишда ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
• диний ташкилотни тугатиш ёки фаолиятини тўхтатиш ҳуқуқи Адлия вазирлигидан судларга олиб берилмоқда;
• диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;
• диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни нотариусдан ўтказиш бекор қилинмоқда.
“Муҳокамада хорижий экспертлар қонун лойиҳасини юқори баҳоладилар.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишига биринчи ўқишга киритилади”, деган депутат Худайбердиев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь