Янги совуқ уруш. Қарзга ботган АҚШ дунё тизгинини Хитойга бериб қўядими?
Бу қизиқ
−
08 Февраль 2022
23457“Хитой геостратегияси бир вақтнинг ўзида иккита мақсадни кўзлаши керак: биринчиси, АҚШ гегемонлиги ва унинг кучли сиёсатига қарши туриш. Иккинчиси, янги халқаро сиёсий ва иқтисодий тартибни яратиш”.
Дэн Сяопин Хитой раҳбари (1981-1989)
1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиши АҚШни дунёдаги ягона гегемон давлатга айлантирди. Бироқ, Қўшма Штатларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 90-йилларда Шарқда янги бир гегемонликка даъво қилаётган куч пайдо бўлди. Шарқ аждаҳоси Хитой, социализм ва капитализмни ўзаро бирлаштириб, янги бир империяга асос солди.
Сўнги ўттиз йил давомида, Хитой иқтисодининг жадал суратда ривожланиши унинг сиёсий таъсир доирасини анчайин кенгайтирди. Бугунги кунда Хитой билан савдо алоқалари туфайли Шарқий Осиё, Океания ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар ташқи сиёсат борасида Пекиннинг раъйига қарашга мажбур. Глобал сиёсатдаги кучлар мувозанатининг бу тарзда Хитой томонга оғиши, дунё биринчилигида турган АҚШнинг ҳукмронлигига рахна солади. Ким ҳам ўзининг иссиқ ўрнини бошқа бировга бергиси келади?
Бугунги кунда, кўплаб сиёсатчилар АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобатни XX аср ўрталарида АҚШ ва СССР орасида бошланган “Совуқ уруш”га қиёслайди. Хўш, бу урушда ким ютади? Бугун АҚШ-Хитой урушига юқоридан назар ташлаймиз.
АҚШ томонидан асраб олинган “ўгай ука”
Бугунги Хитой ва АҚШ ўртасидаги ўзаро иқтисодий урушни таҳлил қилишдан олдин, икки мамлакат орасидаги тарихий муносабатларга назар ташлаш зарур. Чунки Хитой бундай улкан қудратга АҚШнинг қўллаб-қувватлаши ортидан эришган.
Хитой-АҚШ яқинлашувининг илк қадамлари 1969 йилда қўйилган. 1968 йил 20 январь куни Қўшма Штатларнинг 37-Президенти Ричард Никсон барча давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Ўша вақтда Хитой ва СССР ўртасидаги муносабатлар анчагина кескинлашиб, ҳатто, чегарада тўқнашувлар содир бўлаёткан эди.
Сиёсатчиларда бир нақл бор: душманимнинг душмани – менинг дўстим. Хитой раҳбари Мао Цзэдун шу нақлга амал қилиб, Совет Иттифоқининг ашаддий душмани АҚШ билан яқинлашиш сиёсатини олиб борди. Покистон воситачилигида Хитой ва АҚШ ўртасида муносабатлар ўрнатилди. 1972 йилда Президенти Ричард Никсон расмий ташриф билан Пекинга келди. Америка СССР биқинида жойлашган Хитойга ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий томондан ёрдам кўрсатишни бошлади.
АҚШ Чин иқтисодиётига катта инвестиция киритди. 1978 йилда Хитой ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 1,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 1984 йилда бу кўрсаткич 7 миллиард долларга етди. Бу йилдан-йилга ўсиб борди.
Муносабатларга дарз кетиши
1989 йилда Пекиннинг Тяньаньмэнь майдонида бўлган оммавий намойишлар Ҳукумат томонидан куч билан бостирилди. Вашингтон Пекинни инсон ҳуқуқларини бузилганликда айблаб, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни тўхтатди. Бундан ташқари, 1995 йилнинг ёзида Тайван Президенти Ли Тенгхуй Нью-Йорк шаҳридаги Корнелл университетига ташриф буюрди. Ўша вақтда ХитойТайвань билан душманлик кайфиятида бўлгани учун, АҚШ Ҳукуматига жиддий эътироз билдирди. Бу тарихга “Тайвань инқирози” номи билан кирди. Оқибатда икки давлат ўртасидаги ишонч иплари узилди.
XXI асрдаги муносабатлар
Жорж Буш даври (2001-2009).
2000-2010 йиллар оралиғида, АҚШ ва Хитой ўртасида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий қарама-қаршиликлар сақланиб қолди. 2001 йилда ҳокимиятга келган Американинг 43-Президенти Жорж Буш Хитойни “стратегик рақобатчи” деб атади. У Пекинга дунёга ким хўжайин эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Буш ўз чиқишларида Хитойни тийиб туриш кераклигини бот-бот такрорлади. Айнан унинг даврида (2001-2007) АҚШ Хитойга қарши сиёсий қадамлар қўйди. Хусусан, 2007 йил Бош вазир Дик Чейни ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ бошчилигида тўрт мамлакат (АҚШ, Ҳиндистон, Австралия ва Япония)дан ташкил топган “Квартет хавфсизлик диалоги” (КХД – Quadrilateral Security Dialogue) номли норасмий иттифоқ тузилди. Бу иттифоқнинг асосий вазифаси Хитойнинг ўсиб бораётган иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятига қаршилик қилиш эди. Шу вақтдан бошлаб Хитой бир вақтлар Россия билан узилган алоқаларни қайта тиклашга киришди.
КХД вужудга келиши биланоқ, аъзо мамлакатлар қўшма ҳарбий машғулотларни бошлаб юборди. Ўз навбатида, Хитой ҳукумати иттифоқ аъзоларига эътироз билдириб, расмий баённома эълон қилди. Орадан бир йил ўтиб, Хитой билан савдо алоқалари ёмонлашишини хоҳламаган Австралия ва Ҳиндистон иттифоқдан чиқиб кетди.
Барак Обама даври (2009-2017).
2009 йилда Оқ уйга келган Президент Барак Обама (2009-2017) АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий ресурслари катта қисмини Осиё мамлакатларига йўналтиришни таклиф қилди. Бу билан АҚШ тобора таъсир доираси кенгайиб бораётган Хитойнинг қанотини кесишни орзулаганди. Табиийки, бу Хитойга ёқмади.
Қўшма Штатлар Хитойда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳақида дунёга жар солиб, уйғурлар муаммосини кўтарди.
Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги ҳарбий салоҳиятининг кучайиши АҚШ ва унинг иттифоқчиларини хавотирга солиб қўйди. Сабаби бу ерда Хитой ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг зонасини кенгайтириб, ҳарбий-денгиз машқларини мунтазам равишда ўтказиб борди. Бундан ташқари, Хитой сунъий равишда ороллар яратиб, турли хил мудофаа иншоотларини қурди. АҚШ Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги фаолиятини доимий равишда танқид қилиб, унинг ҳаракатларини нейтрал сувларда сузиш эркинлиги тўғрисидаги халқаро денгиз қонунчилигига риоя қилиш талаблари билан асослаб келяпти.
Дональд Трамп даври (2017-2021).
2017 йилда АҚШда ҳокимият тепасига Дональд Трамп келди. У Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилганида, икки давлатнинг ривожланиши учун мустаҳкам алоқа ўрнатиш ниятида эканини айтди. Бироқ бир ой ўтиб, АҚШ ва Хитой ўртасида жанжал келиб чиқди. Бунга Тайвань раҳбари Цай Инвэнь президентлик сайловида ғалаба қозонган Дональд Трампни қўнғироқ қилиб табриклаши сабаб бўлди. АҚШ Президенти ўзининг Twitter’даги саҳифасида бунга жавоб шундай изоҳ қолдирди:
“Қизиқ, АҚШ Тайванга миллиард долларлик ҳарбий техника сотмоқда ва нега мен табрик қўнғироғини қабул қилмаслигим керак?”
2017 йилда Трамп тўрт давлат раҳбарларини Хитойнинг кенгайиб бораётган таъсир доирасини муҳокама қилиш учун бир стол атрофига йиғди. Бу машваратга Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Япония Ҳукумати раҳбари Синдзо Абэ, Австралия раҳбари Малкольм Тёрнбулл ташриф буюрди. Улар ўзаро келишиб, “Квартет хавфсизлик диалоги” иттифоқини қайта тиклашди. Муҳокама ҳисоботига кўра, қайта тикланган иттифоқнинг мақсади Жанубий Хитой денгизида Хитойга ҳарбий ва дипломатик қаршилик кўрсатиш деб белгиланди. Шунингдек, иттифоққа келажакда Жанубий Корея, Вьетнам ва Сингапур каби давлатлар ҳам қўшилиши кўзда тутилди. Табиийки, Хитой иттифоқ аъзоларини кескин танқид остига олди. Бир қанча сиёсатшунос мутахассислар КХД аъзолари ва Хитой орасидаги низони “янги Совуқ уруш даврининг бошланиши” деб атади.
Дипломатик можаро
2018 йилда АҚШ-Хитой ўртасидаги муносабатлар бироз илиқлашди. Томонлар янги савдо шартномалари ҳақида келишиб олди. Бироқ, 2020 йилнинг бошида Қўшма Штатлар ва Хитой қарама-қаршилиги яна аланга олди. 2020 йилнинг бошида Коронавирус пайдо бўлиб, тезда бутун дунёга ёйилди. АҚШ унинг ўчоғига айланди. Президент Трамп вирус тарқалишида унинг “ватани” Хитойни айблади. Бундан ташқари, Америка Хитойни айғоқчилик, технологияларни ўғирлаш, инсон ҳуқуқларини бузиш(асосан уйғурлар масаласи)да танқид қилди. Бунинг оқибатида вазият жиддий тус олди. Дипломатик можарони биринчи бўлиб АҚШ бошлаб берди. 2020 йил 21 июль куни Хьюстон шаҳридаги Хитой консулхонаси ёпилиши эълон қилинди ва хитойлик дипломатларга у ердан чиқиб кетиш учун уч кун вақт берилди. Ўз навбатида Хитой ҳам Қўшма Штатлар консулхонасини ёпти.
Хитой ҳозирда дунёнинг энг тез ривожланаётган мамлакати ҳисобланади. 2020 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кўрсатгичи 17 триллион долларга (АҚШдан кейин 2-ўринда) яқинлашиб қолди. У сиёсий жиҳатдан ҳам бемалол дунёда етакчилик мақоми учун курашиш даражасига етиб келди. Сўнгги ўттиз йил давомида бошни айлантирувчи иқтисодий ўсиш туфайли улкан капитал тўплади.
Сўнги вақтларда Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги муносабатлари анчайин жонланди. Хусусан, Путин Пекин қишки олимпиадасининг очилиш маросимида қатнашиб, Хитой раҳбари билан учрашди. Бундан Россия-Хитой биргаликда АҚШга қарши курашишни мақсад қилган бўлса ажаб эмас.
Урушда ким кўп зарар кўради?
Хитой Америка товарларига кенг миқёсли бойкот эълон қилса, биринчи навбатдаNike, GeneralMotors, FordMotor, Tiffany&Coкаби брендлари зарар кўради. Шу билан бирга, АҚШ санкциялари Хитойнинг электрон маҳсулотлар экспорт қилувчи компаниялари, жумладан LenovoGroup ва ZTEширкатларини йирик муваффақиятсизларга дучор қилади. Мутахасисларнинг фикрича, “янги совуқ уруш” даврида АҚШ Хитойга қараганда кўпроқ зарар кўриши мумкин.
Америкалик сиёсатшунос Майкл Рейган АҚШ-Хитой ўртасидаги уруш ҳақида шундай фикрбилдирди:
“Бизнинг бутун иқтисодиётимиз хавфли даражада Хитой ва унинг заводларига боғлиқ. Учинчи жаҳон уруши бир неча ўн йиллар олдин бошланган. Биз Россияга эмас, Хитойга қаршимиз ва биз мағлуб бўляпмиз”.
XX асрнинг 90-йилларида Жаҳон бозорининг 45 фоизи улуши АҚШ ҳисобига тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 15 фоизга қисқарган. Бунга сабаб Хитой шиддат билан дунё бозорини ўзлаштираётгани. Ким ҳам ўз ўрнини бошқа бировга беришни истайди?!Бугунги кунда АҚШ Хитойнинг қудратини чеклашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Токи демократик тамойилларни хушламайдиган Хитой коммунистик партияси Ҳукуматни бошқарар экан, АҚШ ва Хитой орасидаги қарама-қаршилик барҳам топиши ҳақиқатдан анча йироқ. Кўриниб турибдики, яқин келажакда иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга ўсиб бораётган Хитой ва АҚШ ўртасида жиддий тўқнашув юз бериши аниқ. Лекин бу тўқнашув бутун дунё иқтисодини хавф остига қўйиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь