“Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш учун 100 млн доллар ажратилади
Жамият
−
25 Июнь 2021 4332 2 дақиқа
Андижон шаҳридаги “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш учун 100 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Андижон вилоятида ижтимоий-иқтисодий ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қуйидаги маблағлар ажратилади:
“Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига марказлашган инвестицияларни ошириш ҳисобига қайтариб бермаслик шарти билан — 100 миллион доллар эквивалентида, шундан:
- 25 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар — ижтимоий соҳа объектларини қуришга, шу жумладан Андижон тиббиёт институти объектлари учун;
- 15 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар — йўл ўтказгичини ва йўл инфратузилма объектларини барпо этишга;
- 60 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар — коммуникация тармоқлари, муҳандислик инфратузилмасини яратишга, лойиҳалаштириш ишларига, қурилиш ишларини назорат қилиш, бошқариш ва бошқа харажатларга;
Андижон вилоятида кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш учун — 80 миллион доллар эквивалентида тижорат банкларига, шундан:
- 40 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 7 фоиз ставкасида — тенг улушда “Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банклари орқали 200 та маҳаллада кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида бириктирилган «етакчи» тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга;
- 40 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 11 фоиз ставкасида — “Агробанк” акциядорлик тижорат банки орқали иссиқхона массивларини барпо этиш ва аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этишни молиялаштиришга;
- кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадлари, шу жумладан банк кредитлари бўйича кафилликлар бериш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ресурс базасини ошириш ҳамда Хонобод шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш тадбирларини молиялаштириш учун Давлат бюджетига қайтариб бермаслик шарти билан — 20 миллион доллар эквивалентида.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва жорий йилнинг 21 июнидан кучга кирди.
Live
Барчаси