Янги ҳафтада Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида қор ёғиши мумкинлиги айтилди
Фойдали
−
25 Декабрь 2023
56816Янги ҳафтада Ўзбекистон ҳудудига нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Унга кўра, бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Куннинг иккинчи ярмида ҳаво 18-23 даражагача кўтарилади. Бу декабр ойининг охирги ҳафтаси учун бўлган меъёрий қийматлардан 10-12 даражага юқоридир.
Ўзгидромет республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келиши бошлашини прогноз қилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, ҳарорат 8-13 даражагача пасаяди. Бухоро, Навоий вилоятларида кечга томон бироз ёмғир ёғиши мумкин.
26-27 декабр кунлари нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. 26 декабрда республиканинг барча вилоятлари бўйича, 27 декабрда марказий вилоятлар ва Фарғона водийси бўйича ёмғир ёғади, шимолда қорга айланиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлади. Ҳаво ҳарорати кечалари 2-7 даражагача, кундуз кунлари 8-13 даражагача, шимолда кечалари -0/-5 даражагача, кундуз кунлари 3-8 даражагача пасаяди.
28 декабрда Ўзбекистон бўйича об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлиши ва ҳарорат бироз кўтарилиши кутилмоқда, 29 декабрь куни эса совуқ ҳавонинг яна бир қисми республика ҳудудига кириб келади. Республиканинг барча вилоятларида ёмғир ёғиши ва ҳарорат кундуз куни 5-10 даражагача пасайиши кутилмоқда. Шимолий ҳудудларда ёғингарчилик ёмғир кўринишида ёғади, баъзи жойларда қорга айланади.
Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.
Пойтахтда 25 ва 28 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 26-27 ва 29 декабрь кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади.
Бугун кундузи ҳарорат 21-23 даража бўлади. 26-27 декабрда ҳарорат кечалари 3-6 даражагача, кундуз кунлари 8-11 даражагача пасаяди. 28 декабрда кундузи ҳарорат 13-16 даражагача кўтарилади. 29 декабрда ҳарорат 5-8 даражагача пасаяди.
26-27 ва 29 декабрь кунлари шамол тезлиги 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.
LiveБарчаси