Янгиҳаётдаги 406 та кўп қаватли уй бузилиб, ўрнига янгиси қурилади

Жамият 9316
image

Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Йўлдош мавзесида жойлашган 4283 та хонадонли 406 та эскирган ва яроқсиз ҳолатдаги уйлар бузилиб, ўрнига янгиси топширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг буни назарда тутувчи “Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Йўлдош мавзесида жойлашган авария ҳолатидаги ва маънан эскирган кўп квартирали уйларни реновация қилиш оркали аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Унда қайд этилишича, “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази объектларини қуриш ва сақлаш дирекцияси буюртмаси асосида “Kentsel Yenileme Merkeze” (KEYM) лойиҳа ташкилоти томонидан Янгиҳаёт туманининг бош режаси лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилган

Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Йўлдош мавзесида жойлашган эскирган ёки яроқсиз кўп квартирали уй-жой фонди хатловдан ўтказилган ҳамда инструментал ўрганишлар натижасига кўра 4283 та хонадонли 406 та уй авария ҳолатида деб топилган. Мазкур уй-жойларда яшовчи фуқаролар томонидан уй-жой шаротини яхшилаш учун янги уй-жой қуриб бериш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниши кутилаётган қарор лойиҳасига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи 2022-2026 йилларда эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган кўп квартирали уйлар (кейинги ўринларда – бузиладиган авария ҳолатидаги уйлар)ни бузиб мулкдорларни янги уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида реновация дастурини амалга ошириш (кейинги ўринларда – Реновация дастури деб юритилади) тўғрисидаги таклифига розилик берилади:

а) компенсация тўлаш:

•    биринчи навбатда – бузиладиган авария ҳолатидаги хонадонда истиқомат қилаётган мулкдорга қуриладиган кўп квартирали уйлардан “фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида бузилган хонадон майдонига тенг ёки ундан кам бўлмаган квадрат метрдаги хонадонни бепул ажратиш;

•    иккинчи навбатда – мулкдорнинг ёзма ва нотариал тасдиқланган розилиги асосида бузилган хонадон ўрнига иккиламчи бозордан хонадон майдонига тенг ёки ундан кам бўлмаган квадрат метрдаги хонадон олиб бериш;

•    учинчи навбатда – бузиладиган уй-жойнинг мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган қийматини мулкдорга белгиланган тартибда тўлаб бериш орқали амалга оширилади.

Бунда, мулкдорга янги хонадон топширилгунга қадар оила аъзолари билан бирга вақтинча яшаш учун мос равишда талабгор тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ёки буюртмачи ташкилотлар орқали Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан ижара шартномаси асосида турар-жой ажратилади ва ижара ҳақи тўлаб берилади;

б) буюртмачи этиб:

•    тадбиркорлик субъектлари – авария ҳолатидаги уйлар жойлашган ҳамда уларнинг мулкдорларига тегишли бўлган туташ ер участкасида уй-жойлар қурилишига ташаббус билдирган ва танлов асосида аниқлаб олинган тадбиркорлик субъекти;

•    Тошкент шаҳар ҳокимлиги хузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжирининг компанияси (кейинги ўринларда – давлат буюртмачиси) – авария ҳолатидаги уйлар жойлашган ҳамда уларнинг мулкдорларига тегишли бўлган туташ ер участкасида уй-жойлар қурилишида талабгор бўлган тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлмаган ҳолларда.

в) молиялаштириш:

•    тадбиркорлик субъектлари буюртмачилигида – ўз маблағлари, жалб қилинган тижорат банклари кредитлари ва қонун хужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

•    давлат буюртмачиси – Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади;

г) реновация ҳудудлари:

уй-жой қуриш учун талабгор тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлган ҳудудларда – бузиладиган авария ҳолатидаги уйлар ўрнига кўп квартирали уйни қуриб бериш шарти билан мулкдорлар, Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда танлов асосида аниқланган талабгор тадбиркорлик субъектлари ўртасида инвестиция мажбурияти асосида уч томонлама шартнома расмийлаштирилади ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан белгиланади.

талабгор тадбиркорлар мавжуд бўлмаган ҳудудларда – бузиладиган авария ҳолатидаги уйлар ўрнига қуриладиган янги уй-жойлар қурилиши давлат буюртмачисига Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан белгиланади.

д) бузиладиган авария ҳолатидаги уйлар ўрнидан ташқари ёки мулкдорларга тегишли бўлмаган бошқа ҳудудда ҳудуднинг ишлаб чиқилган бош режасига мувофиқ аниқ қуриладиган объект турини кўрсатган ҳолда мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида электрон- онлайн аукцион орқали реализация қилинади.

Реновация дастури доирасида авария ҳолатидаги уйларни бузиш уларнинг мулкдорларига ўрнатилган тартибда белгиланган компенсация қоплаб берилганидан сўнг рухсат берилади.

Реновация худудида жойлашган кўп йиллик қимматбаҳо дарахтлар ва буталарни сақлаб қолган ҳолда ҳамда уларга зарур агротехник ишлов бериш шартларида қурилиш ишлари амалга оширилади.

Авария ҳолатидаги уйлар ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган батафсил режалаштириш лойиҳаси асосида қуриладиган янги уй-жойларда бузиладиган авария ҳолатидаги уйларнинг мулкдорларидан ортган хонадонлар белгиланган тартибда реализация қилинади.

Бунда, мазкур ортган хонадонларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон ҳамда “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонлари билан белгиланган ва бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартибидан фойдаланишга рухсат берилади.

Тадбиркорлик субъекти томонидан инвестиция киритиш бўйича тузилган шартнома шартлари бажарилмаган такдирда, реновация ҳудудини белгилаш тўғрисидаги Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори бекор қилинади.

Ташқи муҳандислик коммуникациялари – ичимлик суви ва ирригация таъминоти, кириш йўллари Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Реновация ҳудудларига ташқи электр энергияси, табиий газ етказиб бериш ва алоқа тармоқларига улаш – тегишлича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбектелеком” АК томонидан бериладиган техник шартлар асосида, буюртмачиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига:

реновация ҳудудини белгилаш;

реновация дастурини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларини танлов асосида аниқлаш тартиби ва шартларини;

бузиладиган авария ҳолатидаги уйлар ўрнига кўп квартирали уйни қуриб бериш шарти билан мулкдорлар, Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда танлов асосида аниқланган талабгор тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома намунавий лойиҳасини тасдиқлаш тавсия этилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги давлат буюртмачисига:

•    реновация дастури доирасида эскирган уйларда яшовчи мулкдорларни кўчириш мақсадида, зарур транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларига яқин бўлган Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани ҳудудидан янги кўп квартирали уйларни қуриш учун 20 га ер майдони ажратади;

•    реновация ҳудудининг мастер режасини (батафсил режалаштириш лойиҳаси) ҳамда ички ва ташқи муҳандислик тармоқлари барпо этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2022 йил 4-чорак учун белгиланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 10 млрд сўм маблағ ажратади;

•    янги кўп квартирали уйларни лойиҳалаш ва қуриш, ободонлаштириш ишларини молиялаштириш учун 2023-2026 йилларда Тошкент шаҳар маҳалий бюджети қўшимча манбаларидан маблағ ажратиш ҳамда маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан қоплаш шарти билан тижорат банклари кредитларини жалб қилишга кўмаклашади.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул этиб белгиланади.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3.1
t
×