Яна “Ўзавтосаноат” монополияси кучаяди…ми?
Таҳлил
−
19 Март
14124Монополь деган номни ҳеч кимга бермайдиган ва рақобатни кўтара олмайдиган “Ўзавтосаноат” BYD бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллари импортини тартибга солиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукуматига “BYD Uzbekistan Factory” компанияси томонидан электромобилларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани важи билан тартибсиз импортни чеклаш бўйича мурожаат келиб тушган. Бу Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида маълум қилинган.
Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳамда “Ўзавтосаноат” компаниясига жорий йилнинг 1 июлига қадар Вазирлар Маҳкамасига BYD бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллари импортини тартибга солиш бўйича таклифлар киритиш топширилган.
Бунда масъуллар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти принципларидан келиб чиқиб таклифларни тайёрлаши керак.
Шунингдек, қарорда электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қуввати босқичма-босқич йилига 500 минг донагача оширилиши белгиланган.
Энди бу чекловни ўрнатиш таклифини бераётган компанияга тўхталсак. Жиззах шаҳрида фаолият олиб борадиган "BYD Uzbekistan Factory" масъулияти чекланган жамияти 2023 йилнинг 23 январида ташкил этилган. Буни қарангки, бозорни тартибга солиш бўйича ҳукуматга таклиф киритиши керак бўлганлар орасидаги “Ўзавтосаноат” АЖ айнан электромобилларни олиб киришни чеклашни таклиф қилган "BYD Uzbekistan Factory" МЧЖнинг 60 фоизлик улушдори ҳисобланади. Ҳа, ҳа, тўғри тушундингиз, бу МЧЖнинг 60 фоизи ўзимизнинг қора кўз, монополист номини олган “Ўзавтосаноат”га тегишли. Қолган 40 фоиз эса BYD Europe’га тегишли. Компания раҳбари Алимов Шафкатбек Шавкатбекович.
Маълумотларга кўра, бу МЧЖ BYD электромобилларини Ўзбекистонга олиб кирувчи ягона дилер. Албатта, бошқа исталган тадбиркор ёки фуқаро ҳам бу электромобилларни олиб кириш ва сотиш ҳуқуқига эга. Мақсад эса айнан шу имкониятни чеклаш аслида.
Ёдингизда бўлса, шу йилнинг январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Шенчжен шаҳрига бориб, етакчи BYD компанияси фаолияти билан танишган эди.
Ташриф чоғида Мирзиёев компания президенти Ван Чуанфу билан бирга Жиззах вилоятида йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳани ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда ҳам иштирок этганди.
Президент моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 300 минг донагача ошириш зарурлигини ҳам билдирган.
Бу режалар амалга ошиш арафасида чоғи орадан кўп ўтмай компания “тартибсиз” импортни чеклаш бўйича ҳукуматга мурожаат билан чиқди.
Шу кунларда BYDнинг нархи Хитойнинг ўзида тушиб кетгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Масалан, Cobalt нархига ҳам қулай, ҳам тежамкор бўлган BYD электромобилини сотиб олиш имконияти бор. Дейлик сиз тадбиркорсиз. Агар битта электромобиль Ўзбекистонга олиб кириш харажатлари билан 25 минг АҚШ долларига айланаётган бўлса, Хитойнинг ўзида нарх тушиши оқибатида бу сумма 20 минг АҚШ доллари бўлади. Яъни сиз ўзингиз каби бошқа тадбиркорлар ҳам ички бозорга электромобиль олиб киришини биласиз ва нархни ҳам инсоф билан белгилайсиз.
Агар юқоридаги таклиф амалга ошириладиган бўлса, бу нарх-наво қандай белгиланиши бизга қоронғи. Компания тадбиркорларни қатордан чиқармоқчи экани, МЧЖнинг 60 фоизлик улуши “Ўзавтосаноат”га тегишлилиги ва энг асосийси “Ўзавтосаноат”нинг монополь компания эканини ҳисобга олсак, BYD олиб кириш ҳам монополия қилинади ва нархлари аниқ белгиланиб, йилдан йилга ошиб боради. Албатта, буни вақт кўрсатади.
Бу таклифнинг киритилишига жамоатчилик фаоллари жим тургани йўқ.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев BYD ҳам Ўзбекистонда монополия ўрнатмоқчи эканини ёзмоқда.
“BYD компанияси ҳукуматга мурожаат билан чиқибди. Шу бизда нима қилишсаям охири бориб монополияга айланиб қолаверади-я. "UzavtoMotors"нинг халқ устидан кулишига энди BYD ҳам қўшилишини одамларимиз қандай қабул қилишаркин?
Демак, олдинда бизни танловсиз ҳолда сифатсиз, баъзи деталлари йўқ электромобилларга олдиндан пул тўлаб, ярим йиллаб кутиш каби кулгили шартлар кутиб турибди”, деб ёзган Кушербоев.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса “Ўзавтосаноат” рақобатни мутлақо истамаслигини айтмоқда.
“Ўзбек монополистлари, олигархлари ва “чиновник”ларини нима бирлаштириб туради, биласизларми? Уларнинг ҳаммаси рақобатдан ҳаддан ташқари қўрқади. Чунки рақобат уларнинг аслида ким эканини очиқ-ойдин кўрсатиб қўяди. “Ўзавтосаноат”, албатта, бу рўйхатдан истисно эмас.
“Ўзавтосаноат” BYD билан электромобиль ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бошлангандаёқ бу хавотирларни билдирган эдик. Шу маънода “маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш” кўринишидаги жимжимадор формулировканинг BYD автомобилларининг импортини фақат “Ўзавтосаноат” ва унинг шуъбалари ёки келишиб олинган олигархлар амалга оширади, дегани.
“Ўзавтосаноат” назаридаги "тартибли импорт" бу Хитойда 10 минг доллар бўлган электромобиллар импортини тўхтатиш, 15 минг долларлик электромобилни эса 30 минг доллардан бир қўлли қилиб сотиш дегани. Яъни ўзбекистонликларни аёвсиз талаш, тинимсиз талаш, танловсиз талаш дегани.
Қолгани – ЖСТ, истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш деган важлар, узрку-я, 30 йиллик қуриган шимилдириқ. Шимилдириқ”, дейди Бакиров.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь