Яна икки вилоятда 20 нафардан ортиқ бемор коронавирусдан соғайди
Жамият
−
06 Май 2020
9050Хоразм ва Андижон вилоятида жами 21 нафар бемор коронавирус касаллигидан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 6 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Шу соатларда юртимизнинг яна икки ҳудудидан: Хоразм вилоятида 14 нафар, Андижон вилоятида 7 нафар, жами 21 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Хоразмда тузалганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Наманган ва Самарқанд вилоятларидан 3 нафардан, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Бухоро ва Жиззах вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 81 ёшли отахон бўлса, энг ёши кичиги 16 ёш. Вилоятда шу пайтга қадар 153 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 167 нафарга етди.
Шунингдек, Андижонда дарддан фориғ бўлганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (5 нафари Андижон шаҳридан, 2 нафари Хўжаобод туманидан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 5 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 53 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 126 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 133 нафарга етди.
Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 76 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1577 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача вирус юқтирганлар 2231 нафарни ташкил қиляпти. Бугунгача беморларнинг 10 нафари вафот этган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15