Яна икки давлатни Европа Иттифоқига қўшиш бўйича музокаралар бошланди

Олам

image

Европа Иттифоқи Албания ва Шимолий Македония билан аъзолик бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда бугун, 19 июль куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Брюсселда икки давлат раҳбарлари билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Сиз қатъият, қадриятларимиз ва қонун устуворлигига содиқликни намойиш этдингиз, коррупцияга қарши курашдингиз, сизда эркин оммавий ахборот воситалари бор, кўплаб ислоҳотларни амалга оширдингиз. Албания ва Шимолий Македония халқи бунга лойиқ ва бир кун келиб биз Албания ва Шимолий Македонияни Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзоси сифатида кутиб оламиз”, деган Ляйен.

Албания 2014 йилдан, Шимолий Македония 2005 йилдан бери Европа Иттифоқига номзод ҳисобланади.

Бугун, 19 июль куни Брюсселда Европа Комиссияси ва икки ҳукумат иштирокида бўлиб ўтган конференцияда қўшилиш бўйича музокаралар бошланди. Боблар деб аталадиган ўнлаб соҳаларда музокаралар олиб борилади. Уларнинг ҳар бири учун мамлакатлар ўз қонунчилигини Европа Иттифоқи нормалари билан тўлиқ синхронлаштириши керак бўлади. Бу жараён якунлангач, мамлакатлар Европа Иттифоқига қўшилишлари мумкин.

Ушбу жараённи якунлаш учун вақт чегараси йўқ. Мисол учун, Туркия 2005 йилда Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни бошлаган ва бугунги кунга қадар уларни якунлаш истиқболлари кўринмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июнь куни ЕИ саммити иштирокчилари Украинага Иттифоққа қўшилиш учун номзод мақомини бир қатор шартлар билан беришга қарор қилишди, унинг ижроси бажарилмасдан бу мавзу бўйича музокаралар давом эттирилмайди. Киев коррупцияга қарши курашни кучайтириши, чуқур суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва де-олигархизацияни амалга ошириши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг