120 кунда тўлаш мумкин
Жамият
−
02 Август 2019
6086Ўзбекистонда тайёр маҳсулот экспортининг улуши умумий тушумда 50 фоиздан юқори бўлган экспортёрлар, экспорт учун ишлаб чиқаришда фойдаланадиган ҳом-ашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида тўлаши мумкин.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Шунингдек, экспортёрлар, маҳсулот экспорт қилмоқчи бўлган барча субъектлар ҳозирда тест режимида ишлаётган Ташқи иқтисодий ахборот портали орқали экспорт фаолияти билан боғлиқ барча саволларига бир жойдан маълумот олиш имкониятига эга бўлади
Портал 1 августдан тест режимида ишга туширилди. Унда маҳсулотларни экспортга чиқариш тартиби, божхона расмийлаштируви учун талаб этиладиган ҳужжатлар, ташқи бозорлардаги нарх конъюнктураси, жаҳон бозорлари маркетинг таҳлиллари, салоҳиятли импортёр давлатлар, халқаро кўргазма-ярмаркалар, хорижий давлатларда маҳсулотларни импорт қилиш учун қўйиладиган асосий талаблар ва божхона тарифлари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилади.
LiveБарчаси