Яна бир ЎФА ҳаками келишилган ўйинлар сабаб дисквалификация қилинди
Спорт
−
12 Февраль 2021
3919Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида ўзбек футболида коррупцияга йўл қўйган, келишилган ўйинларда қатнашган ҳакам ва шахсларга нисбатан жазо чоралари белгиланди.
Унга кўра, ЎФА ҳаками Олим Тўйчибоев ЎФА интизом кодексининг 5.44 бандига асосан бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун бир йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди.
Тўйчибоев фаолияти бўйича суриштирув давомида Самарқанднинг “Динамо” футбол клуби вакилларининг иштироки ҳам аниқланиб, уларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.
Шунингдек, мазкур йиғилиш қарори билан Бухоро вилояти 2-лига мусобақаси иштирокчиси “Олот Истиқлол” футболчиси Н. Ҳасанов "Бухоро-W" аёллар футбол клуби вакилларининг кўрсатмаларига асосан уларни ҳақ эвазига тотализаторда иштирок этишга ундагани учун ЎФА интизом кодексининг қатор бандларига асосан бир йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
Мазкур қарорлар ЎФА томонидан расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎФА Этика қўмитаси ФИФА ҳаками Шерзод Қосимовни келишилган ўйинлардаги иштироки сабаб 3 йилга футболдан четлатганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь