Яна бир Президент истеъфога чиқди. Мамлакат ҳарбийлар қўлида

Олам

image

Судан мамлакатида давлат тўнтариши содир бўлди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Давлат тўнтариши натижасида, жорий йилнинг 11 апрель куни Судан Президенти Омар ал-Башир истеъфога чиқди. Мамлакат президенти 1989 йилдан буён ушбу лавозимда қолаётган эди.

2018 йилнинг декабр ойида мамлакатда ноннинг нархи ошиб кетиши, ёқилғи ва нақд пул етишмовчилиги аҳолининг кескин норозиликларига сабаб бўлаётган эди. Айни пайтда мамлакат тўла иқтисодий инқироз ҳолати кузатилмоқда.

Шу сабабдан Судан Бош қўмондонлиги Президент Омар ал-Башир иштирокисиз фавқулодда йиғилиш ўтказган ва мамлакатнинг ҳарбийлар қўлига ўтганлигини эълон қилган.

Хабарларга кўра, мамлакат Президенти Омар ал-Башир атрофидаги юқори лавозим эгалари, хусусан, Президент гвардияси раҳбари, мудофаа вазирлиги раҳбарлари ҳибсга олинган. Президент саройи ҳарбий техника билан ўраб олинган. Ҳукуматни 30 йил давомида бошқарган ал-Башир “ҳарбийлар қўлида” экани тахмин қилинмоқда. Хартум халқаро аэропорти вақтинча ёпиб қўйилган.

Судан армияси давлат телевиденияси орқали жонли эфирда мамлакат Президенти Омар ал-Баширнинг ҳукуматдан кетказилгани, конституциянинг тўхтатилгани ҳамда парламент ва бошқа ҳукумат органлари тарқатиб юборилганини маълум қилди.

Омар ал-Баширнинг қаердалиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Айрим маълумотларга кўра, у уй қамоғида сақланаётган бўлса, айримларига кўра мамлакатдан чиқиб кетган.

Судан Мудофаа вазири генерал-лейтенант Авад бин Ауф армия мамлакатда ҳукуматни икки йилга ўз назоратига олганини, ҳаво ҳудудлари 24 соатга ёпилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Судан Омар ал-Башир

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг