Яна бир постсовет мамлакатида маймун чечаги аниқланди
Олам
−
15 Июнь 2022
7731Грузияда маймун чечаги инфекциясининг биринчи ҳолати аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
"Ўтказилган лаборатория текширувлари натижасида 1 нафар шахсда маймун чечаги касаллиги аниқланди. Беморда вируснинг енгил шакли билан касалланган ва тегишли даволаниш курсидан ўтиб, тезда тиббий муассасани тарк этган", дейилади хабарда.
ССВ маълумотларига кўра, бемор Европа бўйлаб саёҳат қилган.
Айни вақтда бемор билан алоқада бўлган одамлар ўрганилмоқда, аммо ҳозирча ҳеч кимда касалликнинг клиник белгилари йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маймунчечак касаллигига шубҳа қилинган ҳолатларни текширишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 июнь куни Польшада, 13 июнь куни эса Венесуэлада маймун чечаги билан касалланган биринчи беморлар аниқланган эди. Касаллик қайд этилган мамлакатлар асосан Европа ва Шимолий Америкада жойлашган. Аксарият ҳоллар:
• Буюк Британия – 207 (бир ҳафта олдин – 106);
• Испания – 156 (20);
• Португалия – 138 (49);
• Канада – 58 (26);
• Германия – 57 (5).
Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.
LiveБарчаси