Яна Ақтўбе, яна автобус... Ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ағдарилиб кетди

Жамият

image

Чимкент-Екатеринбург йўналишида ҳаракатланаётган автобус ЙТҲга учраб, ағдарилиб кетди. Мазкур автобус ичида 14 нафар ўзбекистонлик бўлган. Бу хабарни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқламоқда.  

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси жорий йилнинг 26 февраль куни Чимкент-Екатеринбург  йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва йўловчилари орасида 14 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти ҳудудида ағдарилиб кетгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади. 

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезилмаган. Қозоғистоннинг йўл полицияси ва фавқулодда вазиятлар бўйича органлари ходимларининг ёрдами билан йўловчилар эвакуация қилинган. Автобусга техник хизмат кўрсатилган ва йўналишини давом эттирган.   

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишги вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратмоқда.  

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан транзит билан бошқа давлатга ўтаётганлар, зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10), Ақтау шаҳридаги Бош консулхонага (тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51), Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 18 январь куни айнан ЙТҲ содир бўлган ҳудудда 52 ўзбекистонлик автобус ичида ёниб кетган эди. Ҳодиса Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида содир бўлган. Фожиа сабаб автобусдаги 55 йўловчидан 52 киши ҳалок бўлганди. Уларнинг барчаси Россияга иш излаб йўлга чиққан Ўзбекистон фуқаролари эди. Унда Наманган вилоятидан 31 нафар, Фарғона вилоятидан 16 нафар, Андижон вилоятидан 2 нафар, Тошкент шаҳридан 2 нафар ҳамда Сурхондарё вилоятидан бир нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ақтўбе

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг